Мамлакатимизда жиноятларнинг барвақт олдини олиш, аҳоли билан самарали мулоқот ўрнатиш, тинчлик-осойишталикни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Бунинг учун ҳуқуқбузарликларнинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки барвақт олдини олиш, содир этишга имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни ўз вақтида бартараф этиш, жамиятда жиноятчиликка қарши курашиш иммунитетини мустаҳкамлаш, хавфсизликка таҳдидларни «ўзиники ва ўзгаларники» деб ажратишдан воз кечиш туйғусини шакллантириш давр талаби бўлиб ҳисобланади.
Ушбу устувор вазифаларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини етказиш, бу борада ички ишлар органлари ходимлари олдида турган долзарб вазифаларни тушунтириш мақсадида айни кунларда ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан Навоий вилоятида сайёр ўқув йиғинлари ўтказилмоқда.
Ўқув йиғинларида туманлар ва шаҳарлар ички ишлар органларининг ташкилий бўлим (бўлинма)лар бошлиқлари, жиноят-қидирув бўлимлари тезкор вакиллари, тергов бўлинмаларининг терговчи ва суриштирувчилари, хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармалари таҳлил ва мувофиқлаштириш бўлинмалари ходимлари иштирок этмоқда.
Машғулотларда Давлатимиз Раҳбари томонидан илгари сурилган ички ишлар органлари фаолиятига оид долзарб вазифалар, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, соҳага оид қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий ҳамда идоравий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талаблари тушунтириб берилмоқда, – дейди Навоий вилояти Кармана тумани ИИБ Ташкилий бўлинма бошлиғи, майор Собиржон Шарипов.
– Президентимиз томонидан илгари сурилган «Ўз Ватанини, она халқини равнақ топтириш учун ўзини аямасдан меҳнат қилиш: бу – жасорат ва мардлик, бу – она юртга муҳаббат ва садоқат, бу – тўғри тарбия ва амалий намуна» эканлиги мисоллар орқали тушунтирилмоқда.
Шунингдек, ИИВ Малака ошириш институти ташаббуси билан ушбу сайёр ўқув йиғинлари доирасида хотин-қизлар билан ишлаш масалалари бўйича инспекторлар учун ҳам алоҳида семинар-тренинглар ташкиллаштирилди.
– Семинар-тренинг машғулотларида ички ишлар органларида хотин-қизлар билан ишлаш масалалари бўйича инспекторларнинг вазифалари ва уларни бажариш механизмлари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талаблари тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилди, – дейди Навоий вилояти Навбаҳор тумани ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимининг хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, лейтенант Юлдуз Гаффарова. – Ўйлайманки, олган билимларимиз жойларда хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар содир этилишини барвақт олдини олиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва бартараф этишга кўмаклашиш, руҳан қўллаб-қувватлаш каби кенг кўламли ишларни самарали ташкил этишга хизмат қилади.
Институт профессор-ўқитувчилари томонидан жойларда сайёр ўқув йиғинлари, таълим муассасаларида тарғибот тадбирлари ҳамда кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор фуқаролар ва якка ёлғиз кекса авлод вакилларининг ҳолидан хабар олиш каби эзгу ишлар жойларда давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати






