Кеча, 1 октябрь куни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги томонидан барча ҳарбий округ ва вилоятлар билан онлайн тарзда ўтган “Ўқитувчи ва мураббийлар” куни байрамида Қорақалпоғистон Республикасида истиқомат қилаётган юз нафарга яқин Қуролли Кучлар фахрийлари иштирок этди. Тантанали тадбир Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида бошланди.
Видеоселектор тарзида ўтган тантанали йиғилишдан кейин Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Дилшод Чориев “ҳарбий устозлар” учун Нукус гарнизони бўйлаб экскурсия ташкил этди. Фахрийлар давлатимиз томонидан бугунги авлод Ватан ҳимоячилари учун яратилган шарт-шароитлар, узлуксиз таълим ҳамда маданий ҳордиқ чиқаришга мўлжалланган ўқув-моддий база, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги ютуқлар билан яқиндан танишишди.
Шундан кейин ҳарбий қисм ошхонасида тантанали байрам тушлиги ташкил этилди. Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони нафақа гаштини сураётган фахрийларни байрам муносабати билан табриклади. Бир гуруҳ пенсиядаги ҳарбийлар мудофаа вазири ҳамда ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг буйруғига мувофиқ мудофаа вазирининг “Намунали хизмати учун”, “Ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги фаоллиги учун”, “Мудофаа вазирлиги фахрийси” кўкрак-нишонлари ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази қошидаги ҳарбий хизматчилар фарзандлари учун ташкил этилган рақс тўгарагининг жажжи қатнашчилари, гарнизон ҳарбий оркестри ҳамда умидли хонандалар иштирокидаги байрамона концерт дастури тантанага ўзгача файз бағишлади.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округи матбуот хизмати






