Коррупцияга қарши курашишни янги босқичга кўтариш мақсадида Президентимиз 2016 йилнинг октябрида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини киритиш ҳақида қонунчилик ташаббусини билдирганди. Ушбу қонун 2017 йилдан кучга кирган. Бироқ ҳамон бу иллатга қарши кескин кураш олиб борилаётган бўлса ҳам ундан буткул халос бўла олганимиз йўқ. Жорий йил 27 майда эса Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чоратадбирлари тўғрисида”ги Фармонида айнан мана шу ҳолатларни тагтомири билан йўқотиш масаласи қўйилди. Хўш, ўтган давр мобайнида коррупцион ҳолатлар камайдими ё?.. Бош прокуратура матбуот хизмати ёрдамида бу каби саволларга жавоб топишга уриндик...
ҚАНЧА КОРРУПЦИОН ҲАРАКАТ КУЗАТИЛДИ?
— 2019 йилнинг 6 ойида коррупцион ҳолатлар юзасидан 661 нафар мансабдор шахсларга нисбатан 590 та жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган. 398 та жиноят иши бўйича 537 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган ва қолган жиноят ишлари бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Бу кўрсаткичлар ушбу турдаги жиноятлар сони ўтган йилнинг 6 ойига нисбатан 135 тага камайганини (2018 йил 6 ойида 1043 шахсларга 725 та жиноят ишлари қўзғатилган) кўрсатади.
ЭНГ “ФАОЛИ” ИЧКИ ИШЛАР...
— 2019 йилнинг 6 ойида пора олиш жинояти:
- ички ишлар;
- соғлиқни сақлаш;
- таълим;
- солиқ тизимлари ходимлари кўпроқ содир этилгани қайд қилинган.
Хусусан, жорий йилда пора талаб қилганлиги учун
- 8 нафар ички ишлар органлари;
- 3 нафардан Соғлиқни сақлаш ва Мактабгача таълим вазирликлари,
- 2 нафардан Солиқ қўмитаси ва Халқ таълими вазирлиги тизимидаги ходимлар Жиноят кодексининг 210-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилган.
ТАҚҚОСЛАШ УЧУН:
Мансабдор шахслар томонидан
2018 йилнинг 6 ойида:
- 71 нафар ИИВ;
- 58 нафар Халқ таълими;
- 42 нафар соғлиқни сақлаш;
- 35 нафар Олий ва ўрта-махсус;
- 28 нафар Мактабгача таълим вазирлиги ва бошқа соҳалар;
2019 йилнинг 6 ойида эса:
- 52 нафар ИИВ;
- 46 нафар Халқ таълими;
- 29 нафардан соғлиқни сақлаш ҳамда Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги тизимидаги ва бошқа соҳа ходимлар коррупцион жиноятларга қўл урганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган.
ПОРА ТАКЛИФ ҚИЛИНГАН МАҚСАДЛАР...
— Таҳлиллар шуни кўрсатадики,
- Ички ишлар вазирлиги тизимидаги ходимлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича чора кўрмаслик;
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги ходимлар томонидан тиббий йўлланма олиш;
- Мактабгача таълим вазирлиги тизимидаги ходимлари томонидан ишга қабул қилиш,
- Солиқ қўмитаси тизимидаги ходимлар томонидан солиқ текшируви ўтказмаслик ва мавжуд солиқ қарздорлигини ноқонуний бартараф қилиш бериш;
- Халқ таълими вазирлиги тизимидаги ходимлар томонидан ўқишга қабул қилиш ва дарс соатини кўпайтириб бериш эвазига пул маблағлари пора сифатида талаб қилинган.
Жиноий жавобгарликка тортилган ходимларнинг
- 250 нафари ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш,
- 48 нафари солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаш,
- 71 нафари пора олиш-бериш ёки унда воситачилик қилиш,
- 51 нафари фирибгарлик,
- 23 нафари мансабни суиистеъмол қилиш,
- 18 нафари мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш,
- 4 нафари мансабга совуққонлик,
- 7 нафари мансаб сохтакорлиги,
- 65 нафари бошқа жиноятлари учун жавобгар бўлган.
ҚАЙСИ БОСҚИЧДА “ТАЛАБ ЮҚОРИ”?
Жинояти фош қилинган мансабдор шахсларнинг
- 25 нафари республика,
- 36 нафари вилоят,
- 476 нафари туман-шаҳар миқёсидаги вазирликлар, идоралар ҳамда корхона ва ташкилотларда ишлаб келган.
Мазкур жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 1 трлн. 665 млрд. 757 млн. 196 минг сўм миқдорида моддий зарар етказилган. Тергов жараёнида ушбу зарарнинг 1 трлн. 621 млрд. 503 млн. 587 минг сўми ёки 97,3 фоизи ундирилган.
Бунда эътибор бериш керакки, коррупцион жиноятлар деганда фақат пора олиш жинояти тушунилмайди. Статистикани шакллантиришда ЖКнинг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 168-моддаси учинчи қисм “в” банди (хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик), 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги), 211-моддаси (пора бериш) ва бошқа яна кўплаб жиноятлар ҳам коррупцион жиноят сифатида ҳисобланган.
Перзидентимиз, халқ ишонган соҳалар мансабдор ва ходимлари коррупцион ҳаракатларга қўл уриб, йиллар давомида рўйхатда биринчиликни қўлдан бой бермаётгани жуда аянчли ҳол. Ушбу “қаҳрамонларимиз” емоқнинг қусмоғи ҳам борлигини унутмасалар бас...МАВЗУГА ОИД
8.997 НАФАР ШАХС ИНТИЗОМИЙ, МАЪМУРИЙ ВА МОДДИЙ ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИЛГАН
2019 йилнинг дастлабки 6 ойида прокуратура органлари томонидан ижтимоий соҳада қонунчилик ижроси устидан назорат йўналишида ўтказилган 1.812 та текширишларда 11.615 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган. Ноқонуний ҳуқуқий ҳужжатларга 3.019 та протест келтирилиб, қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш тўғрисида 2.276 та тақдимнома киритилган. 8.997 нафар шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилган. Қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 47 та жиноят иши қўзғатилган...
Шунингдек, қуйидаги соҳалар бўйича қонун бузилиш ҳолатлари кузатилган:
1. Меҳнат қонунчилигида жами 1.272 та.
- 531 нафар мансабдор шахслар интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган. Қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 1 та жиноят иши қўзғатилган.
2. Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонунлар ижроси юзасидан 114 та текшириш ўтказилган.
- 284 нафар шахслар интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган.
3. Соғлиқни сақлаш тўғрисидаги қонунлар ижроси юзасидан 348 та текшириш ўтказилган.
- 2.220 нафар шахслар интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилган. Қўпол қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 10 та жиноят иши қўзғатилган.
4. Таълим тўғрисидаги қонунлар ижроси юзасидан 22 та текширишлар ўтказилган.
- 50 нафар шахслар интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА






