Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлиб турган Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко бошчилигидаги парламент делегацияси бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева ҳамроҳлигида Тошкент шаҳридаги Президент мактабини ҳам бориб кўрди.
Меҳмонларга мазкур давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасасининг фаолияти ҳақида батафсил ахборот берилди. Мактаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил февраль ойида имзоланган қарорига мувофиқ шу йил сентябрь ойида очилгани қайд этилди. 168 ўқувчига мўлжалланган ўқув корпуси ва ётоқхона, шунингдек, ўқитувчилар учун 15 ўринли меҳмонхона қурилди. Мактаб фанларни замонавий услубда ўқитиш учун дарсликлар ва қўлланмалар билан таъминланган. Ўқитувчиларни саралаб олишга алоҳида эътибор қаратилди. Уларнинг 30 нафари хорижлик мутахассислар, 72 нафари мамлакатимиз ўқитувчиларидир.
Ўқувчиларнинг қизиқиши ва қобилиятига қараб 9−11-синфларда ўқиш жараёнини якка тартибда ташкил этиш кўзда тутилган.
Президент мактаби интернат сифатида фаолият олиб боради, яъни ўқувчилар 5 кун ичида мактаб ҳудудида (кампусда) яшаб таҳсил олади. Дам олиш кунлари ўқувчиларнинг ота-оналари болаларини уйларига олиб кетади. Президент мактаблари тарбияланувчилари бепул мактаб формаси ва озиқ-овқат билан таъминланган.
Президент мактабларида STEAM таълим дастури бўйича ўқитилади (Science – табиий фанлар, Technology – технологиялар, Engineering – техник ижод, Art – санъат, Mathematics – математика). Бу истеъдодли ёшларга фирклаш, ирода, ижодий салоҳият ва мослашувчанликни янада ривожлантириш имконини беради. Бу йўналишлар бўйича дарслар давлат тилида олиб борилади.

Бундан аввал россиялик мартабали меҳмон Сергели туманидаги янги боғча фаолияти билан таништирилган эди.






