АсосийJamiyat

ЙТҲга учраган 32 нафар россиялик йўловчини сақлаб қолган ҳамюртимиз Меҳнат вазирлигига ишга қабул қилинди

'ЙТҲга учраган 32 нафар россиялик йўловчини сақлаб қолган ҳамюртимиз Меҳнат вазирлигига ишга қабул қилинди'ning rasmi

Эсингизда бўлса, 2019 йилнинг 17 августи куни Россиянинг Пермь вилоятида маҳаллий вақт билан соат 17:00лар атрофида йўловчи автобус автоуловнинг носозлиги сабаб дўкон деворига бориб урилади. Ҳалокатга учраган автобус ёнидан ўтиб кетаётган 20 ёшли ҳамюртимиз Данил Юлдашев икки соат давомида автоуловдан жароҳатланаганларни олиб чиқишда жонбозлик қилади, уларга дастлабки тез тиббий ёрдамни кўрсатади.

Унинг бу мардонавор ҳаракатлари учун 21 август куни Пермь ўлкаси губернатори Максим Решетников Данил Юлдашев билан учрашиб, унга ташаккурнома топширди. Унинг қаҳрамонлиги юртимизнинг Қозон шаҳридаги бош консулхонаси томонидан ҳам эътироф этилди. Россия Федерацияси Данилга ўз фуқаролигини таклиф қилди. Бироқ у ўзини туғилган юртининг ривожи учун жавобгар билади.

Мана шу ниятини амалга ошириш, ўзини, имкониятларини кўрсатсин, дея Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Данил Юлдашевни ўз сафига қўшди, уни ишга қабул қилди. Фаол фуқаролик позициясига эга Данил Юлдашев каби ёшлар ҳар бир жамиятга керак, деб таъкидланган вазирлик томонидан берилган хабарда. Шунингдек, унинг фаол фуқаролик позициясига эга экани, ҳаракатчанлиги, энг муҳими, атрофида содир бўлаётган ҳодисаларга бефарқ эмаслиги фаолияти давомида ас қотишига умид билдирилган.

    Бошқа янгиликлар