АсосийJamiyat

Когондаги пахта теримига болалар жалб этилганмиди?

'Когондаги пахта теримига болалар жалб этилганмиди?'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда Когонда болаларни пахта теримига жалб этилаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалганди. Ушбу ҳолатга Давлат меҳнат инспекцияси ойдинлик киритди

Инспекциянинг ўрганишлари Когон тумани «Алиноз Шергирон» ва «Барно Баҳром» фермер хўжалигидаги пахта терими жараёнларига вояга етмаган мактаб ўқувчилари жалб қилинмаганини кўрсатди. 

Аниқланишича, болалар пахта далалари атрофида чорва моллари учун ўт терган, шунингдек ота-оналарига тушлик учун егулик олиб келган. Юртимиз қонунчилигида болалар меҳнатига йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланган. Шунга қарамай мазкур вазиятга беэътибор бўлгани сабаб «Алиноз Шергирон» ва «Барно Баҳром» фермер хўжалиги раҳбарлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 2-қисмига биноан жаримага тортилди.

Шунингдек Давлат меҳнат инспекцияси томонидан фермер хўжаликлари раҳбарлари, ота-оналар орасида юртимизда болалар меҳнатига чек қўйилгани, айни ҳолатлар учун қонунчиликда жазо чоралари белгилангани юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.  Ўз навбатда улардан тушунтириш хатлари олинди.

 Ҳолат юзасидан  Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияга чора-тадбирлар кўриш ҳамда ота-оналар билан тушунтириш-профилактика ишларини олиб бориш бўйича тақдимнома киритилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги барча фуқароларимизни мажбурий меҳнатга қарши курашга чақирмоқда. Агар Сиз ҳам пахта терими ёки бошқа бирор ишга мажбурлаш ёки шундай ҳолатга дуч келсангиз, Давлат меҳнат инспекциясининг 1176 қисқа рақамларига, dmi.mehnat.uz сайти ёки mehnathuquqbot Телеграм ботига мурожаат қилишингиз мумкин.

    Бошқа янгиликлар