Блогер Жамшид Ниёзов бугунги онлайн бўлган Сенатнинг ялпи мажлиси ҳақида ўз фикрини билдирди.
“Аввало, Сенат раиси блогерлар билан учрашувда билдирилган таклифни инобатга олиб, ялпи мажлис жонли трансляция қилинаётгани таҳсинга сазовор. Парламентарий соҳасининг шаффофлаштириш йўлида катта қадам ташланди. Бунинг учун раҳмат.
Аммо ялпи мажлисни бир соатга яқинроқ вақт давомида кузатиб бир нарсани пайқаб қолдим. Сенаторларга саволлар аввалдан тарқатиб чиқилгандек. Балки адашаётгандирман, кўпчилик қоғоз ёки планшетдан ўқиб бераётгани ҳам шуни тасдиқлаяпти. Бундан ташқари, берилаётган саволлар жуда китобий, одатда одамлар ўзаро савол-жавобда содда жумлалардан фойдаланади. Айрим сенаторлар саволни ўқиб бермай ўз тилида айтиб бера олишди. Аммо улар саноқли, Марказий банк вакилларига савол берган аксарият сенаторлар шуниям эплашолмаяпти. Бу эса сенаторларнинг сўз бойлиги, нутқ саводхонлиги СЕНАТОР мақомига мос эмаслигини кўрсатади.
Хуллас, ялпи мажлиснинг трансляцияси жуда қизиқ бўлаяпти. Гарчи уни кузатиб бораётган ва фикр қолдираётганлар зерикарли бўлаётганини, нега Расул Кушербоев сўзга чиқмаётганини (Кушербоев сенатор эмас, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати) айтаётган бўлса-да, диққат билан кузатилса, Сенат ва сенаторлар ҳақида атрофлича тасаввурга эга бўлиш мумкин”.






