АсосийJamiyat

Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларда ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида Тошкент декларацияси қабул қилинди

'Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларда ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида Тошкент декларацияси қабул қилинди'ning rasmi

Куни кеча Тошкентда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусидаги 6-семинари бўлиб ўтди.

Семинарнинг иккинчи куни комиссия аъзолари анжуманнинг якунловчи ҳужжати лойиҳасини муҳокама қилди. Халқаро анжуман ялпи мажлисида ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси раиси Акмал Саидов тақдим этган якуний ҳужжат – Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларда ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида Тошкент декларацияси қабул қилинди.

Тошкент декларациясида халқаро даражада ва ИҲТга аъзо мамлакатлар томонидан ёшлар ҳуқуқларини тўла таъминлаш йўлида келгусида амалга ошириладиган муҳим ташаббуслар баён этилган. Анжуман доирасида ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси 6-семинари якунларига бағишланган брифинг ташкил этилди. Унда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ижрочи директори Марғуб Салим Бут, комиссия раиси ўринбосарлари доктор Рашид бин Ҳамид ал-Балуший ва Адама Нана Тошкентда бўлиб ўтган халқаро анжуман якунлари юзасидан оммавий ахборот воситалари вакилларига ахборот берди.

Жами 150 нафар вакил қатнашган йиллик семинарнинг ялпи мажлисида халқаро ва миллий мутахассислар қаторида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Дилноза Каттаханова ҳам "Ўзбекистонда ёшлар ҳуқуқлари" мавзусидаги маърузаси билан қатнашди. Унда мамлакатимиз 80 дан ортиқ асосий халқаро ҳужжатлар ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича ўнлаб асосий халқаро шартномаларига қўшилгани,

Ўзбекистоннинг ёшларга оид сиёсати Ўзбекистон Республикасининг 2016-йил 14- сентябрда қабул қилинган "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида" ги қонуни асосида олиб борилаётгани ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Мунозараларда ИҲТ комиссияси аъзолари, ташкилотга аъзо давлатлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича институтлар вакиллари иштирок этди. Қатнашчилар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 72-сессиясида илгари сурган БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини қабул қилиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлади. Ислом таълимоти ва халқаро инсон ҳуқуқлари меъёрларига мувофиқ, ёшлар ҳуқуқларини теран идрок этишни рағбатлантириш учун ташкилотга аъзо давлатлар ва ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.

 

    Бошқа янгиликлар