Уйчи туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Гавҳар Хакимовага ўзи сайланган Уйчи тумани “Юксалиш” МФЙ аҳолиси билан учрашуви чоғида ота-оналар мактаб болаларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида мурожаат қилишган.
Ушбу маҳаллада 6000 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда 560 ўринли 12-умумтаълим мактабида 1500 нафар ўқувчи икки сменада таълим олмоқда. Ўқувчиларнинг 500 нафарга яқини бошланғич синфда таълим олаётганлигини инобатга олсак, уларнинг мактабга келиб-кетишдаги хавфсизлиги асосий масалалардан бири саналади. Мазкур мактаб Уйчи-Жийдакапа катта магистрал йўли ёқасида жойлашган бўлиб, мактабга ўқувчилар мазкур йўлни кесиб ўтишади. Автомобилларни қатновининг кўплиги ва юқори тезликда ҳаракатланиши эса, ўқувчиларнинг ҳаракат ҳавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилишини тақозо этади. Лекин мазкур магистрал йўлда пиёдалар ўтиш йўлаги ҳам светафор ҳам ўрнатилмаган.
- Ушбу маҳалла аҳолиси билан ҳар сафар учрашганимда мактаб болаларини йўлдан ўтишда ота-оналарда қўрқув, хавотир борлигини, пиёдалар ўтиш йўлаги ёки светафор ўрнатиб беришни талаб қилишади, - дейди Гавҳар Хакимова. - Мутассадди ташкилотларга юборган депутатлик сўровимга бир йилдан ошдики ҳали ҳануз жавоб йўқ. Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек депутатга беписандлик, халққа беписандликдир. Уйчи туманидаги мутасадди ташкилотлар ушбу масалага жиддий эътибор қаратган ҳолда тез фурсатларда ижобий ечим топишади деган умиддамиз.