АсосийJamiyat

Тошкент-Истанбул ўртасида чартер рейси очилди

'Тошкент-Истанбул ўртасида чартер рейси очилди'ning rasmi

Тошкент шаҳридаги “Miran International” меҳмонхонасида Тошкент-Истанбул (Сабиҳи Гёкчен номли халқаро аэропортдан)-Ташкент чартер рейсининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси,  “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, шунингдек, маҳаллий туристик бизнес ва жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. 

Тошкентдан Истанбулга чартер рейслар ташкилотчиси сифатида «Asialuxe Travel» МЧЖ қатнашиб, бу ташкилот 2019 йилнинг ёзги мавсумида Тошкент-Томчи-Тошкент йўналиши бўйича 11 чартер рейсни муваффақиятли амалга оширган. 

«Asialuxe Travel» компанияси директорининг сўзларига кўра, чартер рейсларнинг йўлга қўйилиши Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама туристик оқимнинг кўпайишига туртки бериб, машҳур авиайўналишга авиачипталар танқислиги муаммосини бартараф этиш имконини яратади.

Чартер рейслар жорий йилнинг 23 октябридан эътиборан ҳар ҳафтанинг чоршанба кунида амалга оширилади. 

Таъкидлаш жоизки, А320, B757, B767 самолётлари Истанбулнинг Осиё қисмида жойлашган Сабиҳи Гёкчен номли халқаро аэропортга бориб қўнади. Мазкур чартер рейс йўловчилари учун шаҳарнинг маркази ҳамда аксинча аэропортга трансфер йўлга қўйилади. Шу билан бирга, йўловчилар сўровига кўра белгиланган нормадан юқори бўлган юкни бепул ташиш ҳам амалга оширилади.

Бундан ташқари, “Asialuxe Travel” компанияси Туркиянинг энг машҳур меҳмонхоналари билан ҳамёнбоп туристик пакетлар ташкил қилиш хизматини таклиф қилади. Тадбирда маълум қилинишича, келгусида рейслар частотасини ҳафтада икки мартагача ошириш режалаштирилмоқда.  

    Бошқа янгиликлар