Прокуратура органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729-сонли Фармонида қайд этилган қурилиш соҳасида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш бўйича вазифалар ижроси таъминланмоқда, дея хабар беради Бош прокуратура матбуот хизмати.
Хусусан, Фармоннинг 2-иловасига асосан коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси раиси-Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан “Капитал қурилиш соҳасида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирларнинг «ЙЎЛ ХАРИТАСИ»” қабул қилинди.
Бош прокуратура раҳбарлигида тегишли вазирлик ва идоралар вакиллардан иборат ишчи гуруҳ шакллантирилиб, чора-тадбирларни аниқ ва мақсадли амалга оширилиши механизмлари ишлаб чиқилди.
Ишчи гуруҳи томонидан Тошкент вилоятида қурилиш соҳасида фаолият юритиб келаётган буюртмачилар, лойиҳачилар, қурилиш соҳасида назорат инспекцияси ходимлари, қурилиш пудрат ташкилотлари ва тадбиркорлар иштирокида, қурилиш соҳасида ҳудуддаги коррупциявий вазиятни аниқлаш ва келгусида бартараф этиш мақсадида давра суҳбати ташкил этилиб, ўтказилган аноним сўровнома натижалари бўйича йўналишлар белгиланди.
Бунга кўра, мазкур турдаги аноним сўровномалар Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида ўтказилиши таъминланмоқда.
Шу билан бирга, соҳада мавжуд камчиликлар, коррупциявий ҳолатлар, уларни бартараф этиш бўйича аҳолининг фикрини аниқлаш мақсадида ишчи гуруҳи томонидан ихтиёрий танлов асосида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилаётган объектларга чиқишлар амалга оширилиб, мақсадли гуруҳлар (тадбиркорлар, қурувчилар) ўртасида ижтимоий сўровлар ўтказилмоқда.
Бош прокуратура, Адлия вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлиги ходимларидан иборат ишчи гуруҳ 2018-2019 йилларда қурилиш соҳасини такомиллаштириш юзасидан қабул қилинган Президент Фармон ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини Қурилиш вазирлигида ижроси ҳолати батафсил ўрганилмоқда.
Шунингдек, Капитал қурилиш соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни инвентаризация қилиш ва уларда коррупцияга оид ҳолатларни келтириб чиқарувчи нормаларни аниқлаш мақсадида коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш ишлари бошлаб юборилган.
Ушбу Фармонда белгиланган вазифаларни тўлақонли ижро этилиши, келгусида юртимизда коррупциянинг батамом бартараф этилишига хизмат қилади.