2019 йилнинг 16 октябрь куни @sizdantelegram ижтимоий тармоғида “ГАИ на принцип машинани олиб кирамиз деб ўйнашяпти”: Ҳайдовчи ўз машинасини йўл нозирларидан жон-жаҳди билан ҳимоя қилди” номи билан тарқатилган видеодаги ҳолатлар Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан ўрганилди, дея хабар беради ИИВ Ахборот хизмати.
Маълум бўлдики, шу йилнинг 11 октябрь куни Андижон вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси раҳбарияти томонидан тасдиқланган хизмат тақсимотига асосан, Асака тумани ҳудудида хизмат олиб бориш учун бириктирилган йўл-патруль хизмати инспектори, шу куни тахминан соат 13:10ларда шу туманнинг И.Бухорий кўчасида ҳаракатланиб келган “Нексия-3” русумли давлат рақам белгиси 60N303LA бўлган транспорт ҳайдовчиси “Йўл ҳаракати қоидалари”ни бузиб, 1.3 қўшалоқ сидирға чизиғини босиб, белгиланмаган жойдан қайрилиб ҳаракатлангани учун тўхтатилган.
ЙПХ инспектори ҳайдовчидан тегишли ҳужжатларини сўраганида, ҳайдовчи ҳужжатларни тақдим қилишдан бош тортиб, ЙПХ инспекторининг қонуний талабларига бўйсунмаган. Бу вазиятда ЙПХ инспектори ҳайдовчига ҳужжатларни тақдим этмаса, автомобиль вақтинчалик сақлаш учун жарима майдонига олиб борилиши ҳақида тушунтирган. Аммо ҳайдовчи автомобиль эшикларини қулфлаб олган. Шундан сўнг ҳодиса жойига эвакуатор чақиртирилган. Эвакуатор келгандан кейинги ҳолат ҳайдовчига тегишли фуқаро томонидан тасвирга олиниб, ижтимоий тармоққа жойлаштирилган ва тасвирга олиш жараёнида ҳайдовчи ЙПХ инспекторларига мавжуд ҳужжатларини тақдим қилган. Ҳайдовчининг ҳужжатлари текширилганда, ЙПХ инспектори томонидан 2019 йил 25 август куни расмийлаштирилган, вақтинчалик рухсатноманинг амал қилиш муддати ўтиб кетганлиги аниқланган. Ушбу қоидабузарлик юзасидан ҳайдовчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135, 279, 281, 294, 291-моддалари тартибида маъмурий баённома расмийлаштирилиб, транспорт воситаси ҳайдовчи иштирокида вақтинчалик сақлаш учун жарима майдонига олиб борилган. Баённома бўйича маъмурий жазо қўллаш тўғрисида қарор кўриб чиқилиб, ҳайдовчига нисбатан 223 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган ва 2019 йилнинг 14 октябрь куни жарима давлат фойдасига тўлов қилингандан сўнг автомобилни жарима майдонидан олиб чиқилишига рухсат берилган.
Кўп ҳолларда ҳайдовчилик ҳужжатларини тақдим этмаётган, йўл-патруль хизмати инспекторлари талабларини бажармаётган ҳайдовчилар “Йўл ҳаракати қоидалари”ни мунтазам бузишга мойил бўлиб, ижтимоий тармоқлар орқали ўзларини оқлашга мослаштирилган видео тасвирларни тарқатадилар. Аммо биргина қоидабузарлик ортида инсон ҳаёти турганини унутиб қўядилар.






