Республика ўқув-тарбия муассасалари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида Ҳукумат қарори (880-сон, 17.10.2019 й.) қабул қилинди.
Қарор билан Республика ўқув-тарбия муассасалари тўғрисида низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, алоҳида шароитда тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож бўлган болалар учун ўғил болалар ва қиз болалар ўқув-тарбия муассасаларининг мақоми, вазифалари ва фаолиятини ташкил этиш тартиби белгиланди.
Ушбу муассасаларнинг асосий вазифаларидан бири тарбияланувчиларни давлат таълим стандартлари асосида мажбурий умумий ўрта таълим олишлари учун шарт-шароитлар яратишдан иборат.
Келтирилишича, муассасаларга 14 – 18 ёшдаги тарбияси оғир вояга етмаганлар суд қарори асосида жойлаштирилади.
Тарбияланувчилар муассасаларда ахлоқан тузалгунларига қадар, лекин 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатда бўладилар.
Қарор билан, шунингдек, ушбу муассасалар тарбияланувчиларини озиқ-овқат, кийим-кечак, пойабзал ва бошқа буюмлар билан таъминлаш меъёрлари тасдиқланди.
Маълумот учун, Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасаси ҳамда Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасаси Президентнинг 2019 йил 29 май ПҚ-4342-сон қарори (http://lex.uz/docs/4357207) билан тегишли мактаб-интернатлар негизида ташкил этилган.