Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирокида ОАВ ва блогерлар учун Матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Вилоят раҳбари Андижонда бўлган инвестицион форум ҳақида маълумотлар бериб, журналистларни қизиқтирган саволларига жавоб қайтарди.
Ҳоким форум доирасида Матбуот анжумани бошланганига қадар 250 миллион АҚШ долларилик шартномалар шунингдек, 40 миллион долларлик экспорт шартномаси имзоланганлигини ҳақида хабар берди.
— Вилоятда муаммоли туманлар бор. Нима учун мана шундай инвестициялар ўша туманларга йўналтирилмаяпти?
— Инвесторга энг аввало нима керак? Узлуксиз свет, газ, сув таъминоти ва сифатли йўл керак . Афсуски вилоятдаги ҳар бир туманда ҳам инфратузилма яхши шаклланмаган. Вилоятда муаммолар ҳали етарли ва мана шундай форумлар ҳам муаммоларни ҳал қилиш учун ташкил этилган. Форум натижасида вилоятда 5 минг киши иш билан таъминланиши кутиляпти. Биз бутун вилоятни ривожлантириш учун иш олиб бормоқдамиз ва муаммоли туманларга ҳам инвестиция кириб боради. Шу муносабат билан журналистлар ва блогерлардан ушбу форумни, Андижонда кўрганларингизни борича, ҳолислик билан тарғиб қилишларингни сўрайман.
— Нима учун Ҳиндистон билан ҳамкорлик қилиш учун айнан Андижон вилояти танланди? Бунда қандайдир ғоявий жиҳат борми?
— Президентимиз Шавкат Мирзиёев бежизга Ҳиндистон билан ҳамкорлик қилиш учун Андижонни танламади. Яхши биламиз, бизнинг халқларимиз ўзаро тарихий қадриятларга эга. Бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур Андижондан бориб, Ҳиндистонда ўз давлатини тузган ва сулола 300 йил давомида Ҳиндистонни бошқарган.
— Инвесторлар вилоятга келаётган яхши, аммо уларнинг ҳуқуқларини ким ҳимоя қилади? Бунинг учун вилоят ҳокими сифатида нималар қиляпсиз?
— Бу жуда тўғри савол. Илгари ҳокимларга фақат қишлоқ хўжалиги ишларини бошқарадиган одам сифатида қаралар эди. Ҳозир вазият тубдан ўзгарган. Кластерлар тизими йўлга қўйилгани учун қишлоқ хўжалиги ишлари бир тизимга йўналтирилди. Қачон илгари Андижон вилояти 29 кунда пахта режасини 102 фоизга бажарган эди? Мен ҳозир ҳоким сифатида бевосита инвесторлар билан ишлаш имкониятига эга бўлганман. Бир гапни айтаман, вилоятга бирорта инвестор мен билан суҳбатлашмай кирмайди. Мен уларнинг ҳар бирини шахсан қабул қиламан ва барча қулайликларни яратишга ҳаракат қиламан. Мен вилоят ҳокими сифатида ҳар бир инвесторга қонун устуворлигини таъминлайман.
Матбуот анжуманида 67 нафар маҳаллий ва хорижий ОАВ, блогерлар иштирок этдилар, дея хабар беради Андижон вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати.






