Жорий йил 28 октябрь куни соат тахминан 19:55да Сурхондарё вилояти Шеробод тумани Гурин МФЙ ҳудудида “Камаз” ва “Матиз” автомобиллари тўқнашиши натижасида 4 нафар фуқаро турли даражада жароҳатланган.
Ушбу ҳолат юзасидан тез тиббий ёрдам бригадаси воқеа жойига зудлик билан етиб борган. Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида жароҳатланган 4 нафар бемор: 1982 йилда туғилган Х.Б. “Бош мия ёпиқ жароҳати, иккала оёқ синиши” ташхиси, 1982 йилда туғилган С.М., 2010 йилда туғилган Л.Р. ҳамда 2013 йилда туғилган М.Р.лар “Бош мия ёпиқ жароҳати” ташхислари билан Шерабод туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимига ётқизилган.
Жорий йилнинг 28 октябрь куни соат тахминан 20:00 да Қашқадарё вилояти Қамаши туманидан ўтган “М-39” йўлида “Дамас” ва “Жигули” автомобиллари тўқнашиши натижасида 4 нафар фуқаро турли даражада жароҳатланган.
Мазкур йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан тез тиббий ёрдам бригадаси воқеа жойига зудлик билан етиб борган. Жароҳатланган беморлар: 1996 йилда туғилган А.Г. “Бош мия лат ейиши, қорин бўшлиғи аъзоларининг ёпиқ шикастланиши” ташхиси, 1985 йил туғилган Ш.Ж. “Бош мия чайқалиши” ташхиси, 1992 йилда туғилган Ж.Э. “Бош мия лат ейиши, пастки жағ суягининг ёпиқ синиши, қорин бўшлиғи аъзоларининг ёпиқ шикастланиши” ташхиси ҳамда 1985 йилда туғилган С.М. эса “Очиқ калла мия шикастланиши, иккала сон бўлакланиб синиши, ўнг елка суягининг очиқ бўлакланиб синиши. Постгеморрагик ва посттравматик шокнинг оғир даражаси” ташхиси билан Қамаши туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимига ётқизилган. Уларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Беморлар малакали шифокорлар томонидан кўрикдан ўтказилиб, замонавий даволаш стандартлари асосида тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, дея хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.






