1 ноябрь куни Тошкентда Вебстер университетининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтади. Бу ҳақида Халқ сўзи нашри хабар бермоқда.
470 нафар талабани ўз бағрига олган ушбу даргоҳ нафақат Ўзбекистондаги биринчи АҚШ университети бўлади, балки унинг хориждаги энг йирик филиалига айланади.
Эътироф этиш лозимки, юртимизда Вебстер университети филиали очилиши илк бор 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон-АҚШ бизнес-форуми чоғида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан эълон қилинган эди.
Бинобарин, университетнинг Сент-Луисдаги раҳбарияти билан қатор учрашувлар ва музокаралар якунлари, шунингдек, эришилган келишувлар доирасида 2018 йил сентябрь ойида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети базасида TESL магистрлик дастури(инглиз тилини иккинчи хориж тили сифатида ўқитиш) ишга туширилди.
Ҳозирги кунда Вебстер томонидан ЎзДЖТУ, ТДИУ, СамДЧТИ негизида ҳам алоҳида дастурлар амалга оширилмоқда.
“Бизнинг дастурлар Ўзбекистон Республикаси таълим салоҳиятини мустаҳкамлаш, ҳозирги авлод талабалари, қолаверса, минтақадаги бизнес етакчилари ва жамоатчилик учун ўқитишнинг янги ҳамда қизиқарли имкониятларини тақдим этиш мақсадида жорий этилди”, - дейди Вебстер университети президенти Жулиан Шустер.