ИИВ Махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармаси Махсус тайёргарлик ўқув марказида 50 йиллик иш фаолиятига эга бўлган «Garant» Швейцария–Германия компанияси мутахассислари ташриф буюрди. Бу ҳақида ички ишлар вазирги матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда компания томонидан ишлаб чиқилган «СПС – 15» сапёрлик костюми намойиш этилди. Бошқарманинг отряд командирлари ва марказ ходимлари иштирок этган тадбирда компания бош директори Марк Милевский ҳимоя костюмининг афзалликлари, бошқа шу турдаги воситалардан фарқланиши, ундан фойдаланиш тартиби ҳақида батафсил маълумот берди.
– Хавфсизликни ишончли таъминлаш, ҳар қандай хатарни ўз вақтида кам талафот билан бартараф этиш учун етук кадрлар билан бирга, сўнгги русумдаги ҳимоя воситаларининг бўлиши ҳам талаб қилинади, – дейди ИИВ МОМБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Дилшод Иноятов. – Ҳозир сиз кўриб турган бу ҳимоя костюми сўнгги авлод воситаларидан биридир. Кеча уни назарий жиҳатдан ўрганган эдингиз, бугун амалиётда синаб кўринг. Ҳозир фойдаланиб келинаётган шу турдаги ҳимоя костюмидан нимаси билан устун, қандай афзалликка эга? Қандай камчиликлари бор? Ҳар бирингизнинг фикрингиз биз учун муҳим.
Шундан сўнг сапёрлик костюми амалиётда синовдан ўтказилди. Мазкур ҳимоя кийимини кийиб олган сапёр автобус, енгил машина ва самолётга жойлаштирилган портловчи қурилма макетларини қидириб топиш, нейтрал ҳудудга олиб ўтиш, зарарсизлантириш машғулотларини адо этди. Ҳар бир топшириқ командирлар томонидан бошқариб турилди.
– Биз ҳозир фойдаланиб келаётган бундай костмларнинг оғирлиги 38 килограммни ташкил этади. Шунинг эвазига унда ҳаракатланиш анча енгил ва қулай, – дейди марказ катта инструктор-ўқитувчиси, подполковник Марсел Ягафаров. – Олд ҳимоя қисми ҳам анча кучайтирилган. Ундан ҳам овоз, ҳам рақамли тугмачалар орқали алоқага чиқиш мумкин. Бош шлемда видеотасвирга олиш имкони мавжуд бўлиб, у онлайн режимида ишлайди. Бу сапёр кўриб турган вазиятни узоқдагилар ҳам кўриб туради, деганидир. Алоқа сифати ҳам жуда яхши.






