АсосийJamiyat

Бош прокуратура Сурхондарёда ўзини осган 18 ёшли йигит ишини ўрганди

'Бош прокуратура Сурхондарёда ўзини осган 18 ёшли йигит ишини ўрганди'ning rasmi

Сал аввал «Менинг юртим» телеканалининг «Марказий студия» кўрсатувида Сурхондарё вилояти Бойсун туманида 18 ёшли ўқувчи нима сабабдан ўз жонига қасд қилгани тўғрисида лавҳа берганини хабар қилган эдик.

Мазкур “Сурхондарё вилояти Бойсун туманида 18 ёшли йигитнинг ўлими сабаблари хамон очиқлигича қолмоқдами?” видеолавҳаси юзасидан Бош прокуратура ўрганиш олиб борди ва маълумотларни darakchi.uzга тақдим этди.   

Аниқланишича, 2019 йил 24 сентябрь куни соат тахминан 21:00 ларда Бойсун тумани, “Газа” маҳалласида яшаган фуқаро Акобир Х. ўз уйи молхонасининг шифт қисмидаги ёғоч устунга ўзини осиб, жонига қасд қилганлиги оқибатида ҳодиса жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бойсун туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилган.

Маълум бўлишича, фуқаро Мамашариф Э. коллеж маъмуриятига мурожаат қилиб, 23 сентябрь куни дарсдан қайтаётган қизига тош отган ўқувчи Акобир Х.га қонуний чора кўришини талаб қилган.

Қизнинг отаси Мамашариф Э. жаҳлдан тушмаганлиги сабабли коллеж директори Акобир Х.нинг отасига ҳамда “Газа” маҳалла фуқаролар йиғини ходимларига қўнғироқ қилиб, коллежга келишни сўраган. Бироздан сўнг, коллежга маҳалла котиби, ҳудуд профилактика инспектори, профилактика инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси, Акобир Х.ни акаси ва бобоси келган ва тарафлар иштирокида тушунтириш ишлари олиб борилган. 

Бундан ташқари, Мамашариф Э. қизига тош отган Акобир Х.га нисбатан қонуний чора кўришликни сўраб туман ИИБга ариза билан мурожаат қилган. Ариза юзасидан ўтказилган текшириш натижаларига кўра, Акобир Х.нинг ҳаракатларида МЖтКнинг 52-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлсада, унинг вафот этганлиги сабабли  жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.   

Ҳозирда марҳумнинг қариндошлари томонидан коллежда бўлиб ўтган муҳокама давомида таълим муассасаси директори ва бошқалар томонидан марҳум Акобир Х.ни уриб тан жароҳати етказганлиги ва уни ҳақорат қилиб, камситганлиги сабабли Акобир Х. нинг ўлимига сабабчи бўлган деб ҳисоблашмоқда.

Бойсун туман прокуратураси томониндан ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, натижасига кўра 2019 йил 24 октябрь куни фуқаро Акобир Х.нинг вафот этганлиги ҳолатида бирор-бир шахснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд бўлмаганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Марҳумга нисбатан коллеж маъмурияти, профилактика инспектори ва бошқалар томонидан раҳмсиз муомалада, қўпол ва аёвсиз муносабатда бўлиш, унга жисмоний ва руҳий азоб етказиш ҳолатларига йўл қўйилмаган.

    Бошқа янгиликлар