АсосийJamiyat

Соҳта ҳужжат билан пенсия олмоқчи бўлганлар аниқланмоқда

'Соҳта ҳужжат билан пенсия олмоқчи бўлганлар аниқланмоқда'ning rasmi

Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлимлари томонидан давлат пенсияларини тайинлашда тақдим этилаётган иш стажи ва иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномаларнинг ҳаққонийлигини ўрганиш жараёнида “Ўзархив” агентлигининг айрим қуйи бўғинлари томонидан бир қатор нотўғри ва асоссиз маълумотлар тақдим этилаётганлиги ҳолатлари аниқланмоқда. Бу ҳақда "Даракчи"га Пенсия жамғармасининг Матбуот хизмати маълум қилди. 

Хусусан, Пенсия жамғармасининг биргина Олмазор туман бўлимида ўтказилган ўрганиш жараёнида, Тошкент шаҳар Давлат архиви томонидан буйруқ ва ойлик иш ҳақи китобларида маълумотлар мавжуд бўлмасада, фуқаро С.А.нинг 1991-2002 йилларда ишлаганлиги тўғрисида 2018 йил 26 августдаги сохта маълумотнома берилганлиги аниқланди. 

Тошкент шаҳар Давлат архиви томонидан 2018 йил 8 августда фуқаро Д.Р. номига берилган, 2018 йил 24 сентябрда фуқаро Я.О. номига берилган ва бошқа маълумотномаларда фуқароларнинг иш стажи ҳамда иш ҳақлари тўғрисида сохта маълумотлар кўрсатилганлиги маълум бўлиб, бунинг натижасида 8 ҳолатда 43,6 млн. сўм Жамғармаси маблағлари ортиқча сарфланганлиги аниқланди. 

Худди шунингдек, Пенсия жамғармаси Шайхонтоҳур туман бўлимида ўтказилган ўрганишларда, 2017-2018 йиллар мобайнида фуқароларнинг пенсия тайинлаш учун тақдим қилган (иш ҳақи ва иш стажлари тўғрисидаги) пенсия ҳужжатларининг қонунийлиги ва асослилиги жойига чиқиб ўрганилганда, айрим архив идораларининг сохта ва ёлғон маълумотлар тақдим этиб келганликлари натижасида жами 7 ҳолатда 40,5 млн. сўм Жамғарма маблағларининг ортиқча тўланишига йўл қўйилганлиги аниқланди. Мисол учун:

Фуқаро М.Р.га 2018 йил 26 декабрдаги аризасига асосан 2019 йилнинг январь ойида ёшга доир пенсия тайинланган бўлиб, унинг Тошкент шаҳар Давлат архивидан берилган 
1997-2004 йилларда “Трест Ташстроймеханизация” ташкилотида ишлаганлиги тўғрисида иш ҳақи маълумотномаси архивдаги бирламчи ҳужжатларидан солиштириб ўрганилганда, ташкилотга тегишли буйруқлар ва ойлик маош китобларида ушбу фуқаронинг исми-шарифи умуман қайд қилинмаганлиги маълум бўлди. Натижада пенсияга ҳуқуқи бўлмаган фуқарога жами 7,2 млн. сўм миқдоридаги Жамғарма маблағларининг ортиқча тўланганлиги аниқланди. 

Шунингдек, фуқаро К.С.га “Ташкентский текстильный комбинат”да 1982-2004 йилларда ишлаганлиги ҳақида Тошкент шаҳар Давлат архивидан берилган маълумотлар асосида 23,8 млн. сўм миқдорида Жамғарма маблағларининг нотўғри тўлаб келинганлиги аниқланди.

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлаш ҳамда йўл қўйилган салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, юқорида кўрсатиб ўтилган барча ҳолатлар юзасидан тўпланган текшириш материаллари ва ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига топширилди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Пенсия жамғармасининг пенсия таъминоти учун йўналтирилган маблағларидан мақсадли фойдаланиш Пенсия жамғармаси Ижро этувчи аппарати, ҳудудий бошқарма ва туман (шаҳар) бўлимларининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланиб, бу борада масофадан туриб текшириш, назорат тартибида ўрганиш, камерал текиришлар шунингдек, мониторинг ўтказиш ва жойига чиқиб текширишлар олиб бориш каби таҳлиллар доимий ўтказиб борилади. 

 

    Бошқа янгиликлар