АсосийJamiyat

Давлат хизматлари кўрсатишнинг намунавий регламенти керакми?

'Давлат хизматлари кўрсатишнинг намунавий регламенти керакми?'ning rasmi

Жорий йилнинг Давлат дастурида маъмурий тартибларни тизимлаштириш ва соддалаштириш, бунда мавжуд тартиб-таомилларни хатловдан ўтказиб, ягона ҳужжатда жамлаш ҳамда алоҳида қабул қилинган регламент ва қарорларни бекор қилишни назарда тутувчи қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган.

Унинг ижросини таъминлаш учун Давлат хизматлари агентлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур қарор билан Давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти ҳамда ДХМлар томонидан кўрсатиладиган давлат хизматлари Рўйхати тасдиқланмоқда.

Бугунги кунга қадар Марказларимиз орқали кўрсатилаётган хизматлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5278-сонли Фармони талабларидан келиб чиқиб Маъмурий регламентларни қабул қилиш орқали жорий этиб келинаётган эди. Эндиликда мазкур лойиҳа билан барча хизматларни жорий этиш учун асос бўлувчи битта намунавий маъмурий регламент бўлади, холос.

Намунавий тартиб бўладими, бўлмайдими, бизга нима фарқи бор, дейсизми?

Ҳамма гап шундаки, бугунги кунда, ДХМларда давлат хизматларини кўрсатиш тартиби 100 дан ортиқ маъмурий регламентлар билан тартибга солинган. Фуқароларимиз ушбу норматив ҳужжатларни тўлиқ тушуниши ва ўрганиши учун вақт талаб этилади. Бундан ташқари, ҳуқуқий тартибга солиш тизими ҳақида яхлит тасаввурга эга бўлиш ва ҳужжатларни таққослаш учун махсус ҳуқуқий кўникмалар керак бўлади.

Намунавий регламент билан эса бу жараёнлар анча осон кечади. Яъни, ушбу ҳужжат давлат хизматларини кўрсатиш учун асосий маълумотлар — унинг тартиби, давлат божи, муддати ҳақидаги маълумотлар энди битта жойда жамланади.Фуқаролар эса энди турли хил ҳужжатларни ўрганишлари шарт бўлмайди.

Шунингдек, ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан энг аввало, ортиқча тартиб-таомилларни бартараф этиш, муддатларни оптималлаштириш, ваколатли давлат органлари ва бошқа ташкилотлар зарур ҳужжатлар ва ахборотларни бошқа тузилмалардан мустақил равишда олиш тартиби белгиланади.

 

    Бошқа янгиликлар