1

Зўравонликдан жабрланган аёлларга ҳимоя ордери қандай тартибда берилиши маълум бўлди

ЖАМИЯТ 02.11.2019, 11:15
Зўравонликдан жабрланган аёлларга ҳимоя ордери қандай тартибда берилиши маълум бўлди

Ички ишлар вазирлиги «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини муҳокамага қўйди.

Қарорга кўра, «Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш тартиби тўғрисида»ги низом ҳамда «Тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларнинг зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланади.

Давлат статистика қўмитаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда тазйиқ ва зўравонлик натижасида жабрланганлар, шунингдек, тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахслар тўғрисидаги ягона электрон маълумотлар базасини шакллантиради ва унинг доимий равишда янгиланиб борилишини ҳамда ваколатли давлат органларига интеграция қилинишини таъминлайди.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, ҳимоя ордери мувофиқ серия ва рақамга эга бўлган, қатъий ҳисоби юритиладиган, фақатгина тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларга нисбатан белгиланган чекловларни қайд этиш ҳужжат ҳисобланади.

Ҳимоя ордери ички ишлар органларининг таянч пункти профилактика (катта) инспектори томонидан берилади.

Профилактика инспектори жабрланган хотин-қизларга ва зўравон шахсларга қуйидагиларга асосан ҳимоя ордерини беради:

  • тазйиқ ва (ёки) зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг мурожаати;
  • жисмоний ёки юридик шахсларнинг тазйиқ ва (ёки) зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар тўғрисидаги хабарлари.

Фуқаролар йиғинлари раислари ва фаоллари, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар ҳамда ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари ёки бошқа юридик шахслар жабрланган хотин-қизлар бўйича маълумотга эга бўлган вақтда уни 24 соат ичида мувофиқ шаклдаги хабарномани ички ишлар органларига ёки профилактика инспекторига тақдим этади.

Жисмоний шахслар томонидан оғзаки ёки алоқа воситалари орқали берилган хабарлар, ички ишлар органлари навбатчилик қисмидаги хабарларни қайд этиш китобига ёки таянч пунктида юритиладиган фуқароларни қабул қилиш китобга қайд этилади ёки уларнинг хоҳишига кўра сир сақланишини таъминлаган ҳолда қонун ҳужжатларига мувофиқ қайд этилади.

Олинган мурожаатлар ва хабарлар ички ишлар органлари навбатчилик қисми навбатчиси томонидан белгиланган тартибда қайд этилгандан сўнг, уч соат ичида профилактика инспекторига тақдим этади.

Профилактика инспектори ички ишлар органлари навбатчилик қисмлари томонидан ҳамда тақдим этилган хабарларни зудлик билан ўрганиб чиқади ҳамда мазкур хабарларда ҳимоя ордери беришга асос бўлган ҳолатларни аниқлаган тақдирда ҳимоя ордерини жабрланган хотин-қизларга ва зўравон шахсларга белгиланган тартибда расмийлаштириб беради.

Шахс ҳимоя ордерини олиш ва уни имзолашни рад этган тақдирда, профилактика инспектори холислар иштирокида далолатнома тузади.

Ҳимоя ордери расмийлаштирилганда барча ёзувлар кўк (ҳаворанг) сиёҳли ручкада, тушунарли қилиб ёзилади.

Ҳимоя ордери уч қисмдан иборат:

  • биринчи қисм (асли) тўлдирилгандан сўнг жабрланган хотин-қизларга берилади;
  • иккинчи қисм (нусхаси) зўравон шахсларга берилади;
  • учинчи қисм профилактика инспекторида қолади.

Профилактика инспектори ҳимоя ордерини расмийлаштиришда хотин-қизларга нисбатан ўтказилган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатидан келиб чиққан ҳолда зўравон шахсга «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунининг 26-моддасидаги битта ёхуд бир нечта чекловни бирга қўллаши мумкин.

Ҳимоя ордерининг амал қилиши қуйидаги ҳолатларда тўхтатилади:

  • жабрланган хотин-қизлар ҳимоя ордерини тўхтатишни сўраб мурожаат қилса;
  • ҳимоя ордерида белгиланган муддат (узайтирилган муддат) тугаса;
  • зўравон шахс суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилса;
  • содир этган жинояти учун жабрланган хотин-қизлар ёки зўравон шахсларнинг бирига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланса;
  • жабрланган хотин-қизлар ёки зўравон шахсларнинг бири содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этилса;
  • жабрланган хотин-қизлар ёки зўравон шахсларнинг бири қонун ҳужжатларига мувофиқ доимий яшаш жойидан оғир касаллиги туфайли ёки узоқ муддатга бошқа давлатга чиқиб кетган бўлса;
  • жабрланган хотин-қизлар ёки зўравон шахсларнинг бири вафот этса.

Профилактика инспектори жабрланган хотин-қизлар ва зўравон шахслар ҳақидаги маълумотлар киритилган статистик карточкаларни бир иш кунида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ва вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг ахборот излов базаси (кейинги ўринларда маълумотлар базаси деб юритилади)га киритиш учун ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларига тақдим этади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1