Бугунги кунда мамлакатимизда “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари”, “Жаҳолатга қарши – маърифат” деган устувор ғояларни ижтимоий ҳаётда қарор топтиришда ёшларни ватанпарвар, мард ва жасур, садоқатли ва ҳалол этиб тарбиялаш долзарб аҳамият касб этади.
Ушбу устувор вазифанинг муҳимлигидан келиб чиқиб, ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари жойларда ўтказилаётган сайёр ўқув йиғинлари доирасида таълим муассасаларида маънавий-маърифий учрашувлар ва ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ҳам уюштиришмоқда.
Хусусан, Андижон вилояти Хўжаобод туманидаги31-сонли, Пахтаобод туманидаги 16-сонли ҳамда Сирдарё вилояти Ширин шаҳридаги 4-сонли, Боёвут туманидаги 52-сонли умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирокида ўтказилган учрашувда “Тинчлик ва осойишталикни сақлашда ёшлар масъулияти” ҳақида сўз юритилди.
Ўтказилган тадбирларда ватанпарварлик ҳар бир давлат ҳаётининг маънавий асоси ҳисобланиши ва жамиятни ҳар томонлама ривожлантириш борасида энг муҳим сафарбар этувчи куч сифатида намоён бўлиши ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, ёшларда юксак маънавият ва қонун устуворлиги асосида яшаш, эл-юртга садоқат, адолат, ҳалоллик ва жасорат каби олижаноб фазилатларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш, маҳаллаларда соғлом муҳитнинг барқарорлигини таъминлаш ҳамда ўз Ватанининг равнақи йўлида ёшлар масъулияти амалий мисоллар орқали тушунтириб берилмоқда.
– ИИВ Малака ошириш институтининг профессор-ўқитувчилари томонидан мактаб ўқувчилари билан ўтказилган маънавий-маърифий тадбир бизлар учун катта сабоқ бўлди, – деди Андижон вилояти Хўжаобод тумани 31-сонли умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Азизбек Юлдашев. – Тадбирда юртимизда биз ёшларга яратилаётган шароитлардан самарали фойдаланиш, тинчликни қадрига етишимиз, ушбу бебаҳо неъматни сақлашда нима ишлар қилишимиз лозимлиги тўғрисида аниқ мисоллар билан тушунтирилди. Шунингдек, “Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси” мавзусида ўтказилган викторина биз ўқувчиларда катта таассурот қолдирди, унда берилган саволлар қизиқарли бўлди. Бундай тадбирларнинг мунтазам ўтказилишини хоҳлар эдик, негаки улар орқали биз ҳуқуқий билимларимизни ҳам оширдик. Ташкилотчиларга катта раҳмат.
– Мактабимизда пойтахтимиздан келган мутахассислар томонидан ўтказилган маънавий-маърифий тадбир тенгдошларим қатори, менда ҳам катта таассурот қолдирди, – дейди Ширин шаҳридаги 4-сонли умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Моҳира Неъматжонова. – Юртимизда ҳукм сураётган тинчликнинг қадрига етиши, уни асраб-авайлашга ҳисса қўшишда ҳар бир кишининг масъулияти, бурчи ҳақида тушунчалар берилди ҳамда ўтказилган викторина орқали биз ўзимизга тегишли маълумотларни олдик. Айниқса, “Сиз ватанпарварлик, адолатпарварлик, ҳалоллик, одиллик, садоқатни қандай тушунасиз?” деган саволга ўқувчиларнинг турли ёндашувлари билан баҳс-музокарага айланиб кетди. Бу тадбирни ташкил этган Ички ишлар вазирлиги раҳбариятига, Малака ошириш институти профессор-ўқитувчиларига миннатдорчилик билдириб қоламиз.
Ҳайъат аъзолари ўқувчиларнинг фаол иштироки ҳамда билимлари юзасидан ижобий фикр билдириб, юқори ўринларни эгаллаган жамоа аъзоларига эсдалик совғалари топширилди.
Институт профессор-ўқитувчилари томонидан жойларда сайёр ўқув йиғинлари, семинар-тренинглар, таълим муассасаларида тарғибот тадбирлари ҳамда кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор фуқаролар ва якка ёлғиз кекса авлод вакилларининг ҳолидан хабар олиш каби эзгу ишлар жойларда давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати