АсосийJamiyat

Хитойга анор экспортига йўл очилди

'Хитойга анор экспортига йўл очилди'ning rasmi

Хитой Халқ Республикаси Давлат Кенгаши Бош вазири Ли Кэцяннинг жорий йил 1-2 ноябрь кунлари республикамизга амалга оширган расмий ташрифи давомида икки давлат ўртасида мева экспорт-импортини амалга ошириш билан боғлиқ 2 та муҳим келишув ҳужжати имзоланди.

“Ўздавкарантин” инспекцияси ахборот хизмати берган маълумотга қараганда, имзоланган биринчи келишув натижасида, меваларни автотранспортларда учинчи мамлакат ҳудудидан транзит орқали Хитойга экспорт қилиш имконияти яратилди ва буни амалга ошириш бўйича талаблар белгиланди.

Эндиликда тадбиркорлар янги узилган (Хитойга экспорт қилинишига рухсат этилган) меваларни Қозоғистон орқали Харгос ва Алашанкоу ҳамда Қирғизистон орқали Иркиштом ва Тургарт чегара ўтказиш пунктларидан Хитойга автотранспортларда олиб ўтишлари мумкин бўлади. Келишувда шунингдек, экспорт қилинадиган маҳсулотлар бўйича асосий талаблар сифатида қуйидагилар санаб ўтилган:

- мевалар хавфли зараркунанда касаллик ва бегона ўтлардан ҳоли бўлиши;

- маҳсулотлар ўсимликлар карантини инспектори назорати остида автотранспортга юкланиши, муҳрланиши ҳамда тегишли маълумотлар фитосанитар сертификатда акс эттирилиши лозимлиги;

- маҳсулотлар транзит орқали олиб ўтилаётганда автотранспорт бирлигининг муҳри бузилмаганлиги, маҳсулотлар қадоғи ўзгартирилмаганлиги, унга зарар етказилмаганлиги кабилар.

Шу билан бирга, хитойлик юқори мартабали меҳмон ташрифи давомида анор мевасини Хитойга экспорт қилиш бўйича ҳам келишув имзоланди.

Бунда махсус белгиланган талабларга риоя этиш сўралган, акс ҳолда экспортга йўналтирилган маҳсулотлар чегара пунктларидан қайтарилишига сабаб бўлиши мумкин.

Маълумот ўрнида: Ҳозирги кунга қадар, Хитойга 12 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулоти экспортига рухсат олишга эришилган. Жумладан, гилос, қовун, аччиқ қалампир, анор, мош, қобиқсиз грек ёнғоғи, ширин ва аччиқ бодом, узум данаклари, кунжут, шунингдек қуритилган маҳсулотлардан, майиз ва ўрик қоқисини ушбу мамлакатга экспорт қилиш мумкин.

Ҳозирда қўшимча равишда 15 та маҳсулотлар экспортига рухсат олиш бўйича музокаралар давом этмоқда. Узум, лимон, хурмо, олма, анжир, олхўри, шафтоли, тарвуз, пиёз, ловия, ерёнғоқ, шунингдек, қуритилган маҳсулотлардан, аччиқ қалампир, олхўри ва қовун шулар жумласидандир.

    Бошқа янгиликлар