АсосийЖИНОЯТ

Воқеа изидан: Каналга ташлаб ўз жонига қасд қилган ўқувчи ўлимидан олдин изза қилинган (ми?)

Октябрь ойида Қарши туманидаги 7-мактаб ўқувчиси 15 ёшли Р.А. Қарши бош каналига ташлаб ўз...

'Воқеа изидан: Каналга ташлаб ўз жонига қасд қилган ўқувчи ўлимидан олдин изза қилинган (ми?)'ning rasmi

Октябрь ойида Қарши туманидаги 7-мактаб ўқувчиси 15 ёшли Р.А. Қарши бош каналига ташлаб ўз жонига қасд қилганди. Кўпгина муҳокамаларга сабаб бўлган воқеани “Даракчи”нинг жамоатчи мухбири Отабек Қўлдошев тафсилотларни ўрганди... 

Р.Ани ўлимидан олдин изза қилишган

Мактабнинг 6- “Г” синфида таҳсил олувчи Рустам Асқаровнинг айтишича, воқеа содир бўлган куни марҳум Р.А.ни синф раҳбари Сабо Рашидова елкасидан тутиб, синфдошлари турган зал томон судраб борган. Ўқувчи буни ўз кўзи билан кўрганини таъкидламоқда.   

Рустам Асқаров, мактаб ўқувчиси, гувоҳ:

— Домласи ёқасидан ушлаб мажлислар залга судраб кетаётганди, у эса йиғлаб, устозининг қўлини силтаб ташлаганини кўргандим. Чап юзлари қизарганди. Менимча, устози урган бўлса керак. Аммо урганини кўрмадим.

Рад этувчилар ҳам бор

Марҳум ўқувчининг синфдоши Бекжон Сайфуллаев эса Р.А.нинг ҳақорат қилинганию, синф раҳбари томонидан синфдошлари томон судраб олиб келинганини рад этмоқда.

Бекжон Сайфуллаев, марҳумнинг синфдоши: 

— Ўша куни технология фанига кирганимизда, 3-4 нафар синфдошларимиз телефон томоша қилишаётганди. Бориб қарасак, уятсиз видеолар экан. Кейин билсак уятсиз видеолар бор телефон Р.А.нинг телефони экан.

14 нафар ўғил боладан 6 дона телефон

Ўқувчиларнинг маълумот беришича, ҳолат ўқитувчиларга маълум қилингач, директор ўринбосари Меҳринисо Равшанова ҳамда Сабо Рашидовалар 14 нафар ўғил болалар билан суҳбат олиб боради.

— Мактаб ҳовлисида юрган пайтим 9-синф қизлари келиб, “Домла, синфимиз ўғил болалари телефондан ёмон нарсалар кўришяпти”, - деди. – Хўп, сизлар дарсга бораверийлар, ўзим гаплашаман деб, маънавиятхонага келдим. Келсам, ҳар иккала маънавиятчи ҳам (директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари назарда тутилмоқда. Таҳ. ) ёзув ёзаётган экан. Воқеани айтдим. Улар баённома ёзишаётганини айтишди. Сўнгра, ўша  — 9 “В” синф раҳбари Сабо Рашидовани олиб, видео кўраётган ўғил болалар ёнига бордик.

Айтилишича, Меҳринисо Равшанова ҳамда Сабо Рашидовалар 9 “В” синф ўғил болалари ёнига бориб, кимда телефон бўлса барчасини йиғиб олган. 14 нафар ўғил боладан 6 дона телефон чиққан. 

Телефонларни йиғиб олиб, назоратдан ўтказган ўқитувчиларнинг маълум қилишича, телефонларнинг ҳеч биридан порнографик мазмундаги видеолар чиқмаган.

Сабо Рашидова, директор ўринбосари:

— Телефонларни йиғиб олганимиздан сўнг, кимнинг телефонида уятсиз видеолар борлигини сўрадик. Шунда ҳеч ким жавоб бермади. Жим туришди. Кейин ўқувчиларни қўрқитиб, маълумотни билиб олиш мақсадида Руслан деган ўқувчига қараб, “Русланнинг дадасига телефон қилай-чи” дедим. Шунда телефонни қўлга олганимни кўрган Руслан “Видео синфдошимиз Р.А.нинг телефонида бор”, - деди. Шунда Р.А. дан “шу ростми деб”, - сўрадим, У йўқ дея йиғлай бошлади. Шунда телефонининг “код”ини очиб беришини сўрадим ва телефоннинг ичини кўрдим. Аммо ундай видео йўқ экан.

Ўқитувчининг тахминича, видео унга келгунга қадар ўчирилган. 

Маълум қилинишича, ўғил болалар қилмиши синфхонадаги муҳокамадан сўнг, мактабнинг фаоллар залида ҳам давом этган. Залда 14 нафар ўқувчи мактабга телефон олиб келмаслигини айтиб, тушунтириш хати ёзган.

Икки марта тарсаки елкасидан тортиб, судралиш

Воқеа гувоҳлари — Рустам Асқаров ҳамда исмини очиқламаслимизни сўраган мактаб ўқитувчисининг айтишича, марҳум Р.А. синфхонадан фаоллар залига келгунга қадар синф раҳбари томонидан ҳақоратланган, юзига икки марта тарсаки туширилган. Елкасидан тортиб, судралган. 

Р.А. синфдошларига ўзини каналга ташламоқчилигини айтган.

Сабо Рашидова: 

— Бекжон исмли ўқувчи ёнимга келиб, Р.А. ўзини каналга сувга ташламоқчилигини айтди. Шунда юрагим шув этди. Шу заҳоти ўқувчимнинг онаси Хуршид Холматовага қўнғироқ қилиб, воқеани айтдим ва тез етиб келишини сўрадим. 

“Акамни ўқитувчиси судраб, уялтирди”

Марҳум Р.А.нинг онаси Хуршида Холматованинг айтишича, ҳақиқатдан ҳам ўша куни ўқитувчиси қўнғироқ қилиб, тез етиб келишини, келмагунча ўғлининг телефонини қайтариб бермаслигини айтган. 

Хуршида Холматова, Р.А.нинг онаси:

— Мактабга етиб бордим, борсам синф раҳбари ўғлимни ўқувчиларнинг ёнида уялтирган. Ўғлим йиғлаган “телефонимнинг беринг, бермасангиз ўзимни ўлдираман” деган. Аммо ўқитувчиси унга қулоқ солмаган ва елкасидан судраб, тилхат ёзиб беришини сўраган. Буни ҳатто 6-синфда ўқийдиган қизим ҳам кўрган. Қизим ўқишдан келиб, “бугун акамни ўқитувчиси судраб, синфдошларининг олдида уялтирди, сапбабини акамдан сўранг”, деди. Аммо афсуски, у пайт ўғлим ўлган, қизим эса бундан энди хабар топганди (йиғлаб юборди). 

Сабо Рашидова, Меҳринисо Равшанова ҳамда Р.А.нинг синфдошларига кўра, унинг онаси мактабга келгач, Р.А. мактаб ҳовлисидан қочиб чиқиб кетган. 

— Ўғлим чопиб чиқиб кетгач, велосипедининг олдига бораётган бўлса керак деб ўйладим, - дейди марҳумнинг онаси. – Мен ҳам қайтаман деганимда, синф раҳбари тилхат ёзиб берасиз деб туриб олди. Ўша ерда 3 дақиқа тортишдик.

Марҳум Р.А. мактаб ҳовлисидан чиқиб, тўғри каналга кетган. Буни билган 3 нафар синфдоши ҳам унга эргашган.   

Зоҳид Пардаев, марҳумнинг синфдоши:

— Мактаб ҳовлисидан Р.А. билан бирга югуриб чиқдик. Шунда унга “велосипедингда мени ҳам олиб кет” дедим. У эса “буёққа кетаяпман” деб канал томонни кўрсатди. Шунда ўқитувчимиз Сабо опага Р.А. каналга кетганини телефон қилиб айтдим. Ўқитувчимиз эса ортидан боришимизни тайинлади. Мен ҳам 2 нафар синфдошим билан унинг ортидан кетдик. 

Ўқувчиларнинг айтишича, канал бўйига борган Р.А. синфдошларини узоқдан кўргач, ўзини сувга отган ва бир шўнғиб чиққан. Улар яқинлашгач эса яна сувга шўнғиган ва сувдан қайтиб чиқмаган.

Марҳумнинг жасади 2 соатдан сўнг топилди

7-мактаб директори Нодир Эшонқуловнинг маълумот беришича, ўқувчининг каналга кетганидан хабар топишгач, ўринбосарлари билан бирга канал бўйига борган ва ўқувчисини излаган. Ҳудуд профилактика инспекторига хабар берган. Боришса, марҳумнинг онаси канал бўйида йиғлаб ўтирган. Марҳумнинг жасади МЧС ходимлари томонидан 2 соатда сувга шўнғиган жойидан 40-50 метр наридан топилган.

Маълумот ўрнида:

  • Мактаб раҳбарияти ва ўқитувчиларнинг таъкидлашича, Р.А. воқеадан бир йил илгари ҳам телефонида порнографик мазмундаги видео олиб юргани учун мактаб етакчиси томонидан қаттиқ огоҳлантирилган экан.

Халқимизда “Уят ўлимдан ҳам қаттиқ” деган гап, бежизга айтилмаган. Ўсмир йигитнинг биргина қилмиши ортида катта фодеа содир бўлишини ким ҳам билибди дейисиз. Оқибатини ўйламай босилган қадамлар оиланинг пахлавон ўғли ҳаётдан кўз юмушига сабаб бўлди. Онанинг азоб-уқубатини ҳатто тасаввур ҳам қилиб бўлмайди, афсус. Бирор гап билан тасалли бериш, овутишнинг ҳам энди фойдаси йўқ. Фақат ҳар ким ўзига хулоса чиқаради, ҳолос...

P/S: Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қарши тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар