Солиқ соҳасида турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида профилактика ишларини тизимли йўлга қўйиш, тадбиркорлик субъектларига қонунчиликнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда...
Навоий вилоят ДСБ бўлим бошлиғи Иномжон ТИЛАВОВнинг "Даракчи"га берган маълумотига кўра, бу борада Навоий вилояти Давлат солиқ бошқармаси томонидан ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бошқарма мутасаддилари ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида жорий йилнинг ўтган даврида 180 маротаба ҳуқуқий тарғибот ишларини амалга оширган.
Биргина, тадбиркорлик субъектлари ва кенг жамоатчилик иштирокида 88 маротаба семинарлар ташкил этилиб, 18 мингдан ортиқ солиқ тўловчилар қамраб олинган.
Аммо олиб борилаётган тарғибот-тушунтириш ишларига қарамай бугунги кунга қадар 925 нафар фуқаро тадбиркорлик фаолияти билан ноқонуний шуғулланиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган. Шундай бўлса-да, биринчи марта ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган фуқаролар қонунчиликда белгиланган 30 кунлик муддатда ҳуқуқбузарликларни бартараф этганлиги яъни давлат рўйхатидан ўтганлиги сабабли уларга қўлланиши лозим бўлган 140,4 миллион сўмлик маъмурий жаримадан озод этилган.
Бундан ташқари, солиқ тўловчиларни ҳеч қандай жавобгарликка тортмасдан камерал назоратдан ўтказилиши натижасида 5 минг 474 нафар юридик шахсларга нисбатан 100 миллиард сўмдан ортиқ қўшимча солиқлар ҳисобланиб, қайта ҳисоботлар олинган ҳолда бюджетга ўз вақтида ундирилди. Энг муҳими, 6 минг 474 нафар тадбиркорлик субъектларининг маъмурий жавобгарликка тортилиши ҳамда солиқ базасини яширганликлари учун 25 миллиард сўм молиявий жарималар қўлланилишининг олди олинган.
Бу борада айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 10 июлдаги “Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори солиқ тизимини янада такомиллаштириш, иқтисодиётда хуфиёна айланмани қисқартиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Мазкур ҳуқуқий ҳужжатга асосан, тадбиркорлик субъектлари аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликни тан олиб, давлат солиқ хизмати органларининг солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорини олган кундан эътиборан ўн кун муддат ичида молиявий жарималарни ихтиёрий равишда тўласа, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар ушбу ҳуқуқбузарлик учун қонун ҳужжатларида белгиланган жиноий ва маъмурий жавобгарликдан озод этилиши белгиланган.
Лекин шунча енгилликларга қарамай, айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳамон ҳуқуқбузарликлар содир этилмоқда. Жумладан, ҳудудий давлат солиқ инспекциялари томонидан профилактик суҳбатлар ўтказилгандан сўнг ҳам хулоса қилмаган 4 минг 607 нафар хўжалик юритувчи субъектларнинг мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий баённомалар тузилиб, тегишлилиги бўйича туман ва шаҳар Маъмурий судларига юборилган ҳолда 2 минг 121 нафар мансабдор шахсларга нисбатан 173,6 миллион сўм маъмурий жарималар қўлланилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, қонунга итоаткор ва ҳалол тадбиркор доимо давлат ҳимоясидадир. Бироқ яширинча ва хуфиёна фаолият кўрсатиб, қонунларимизда белгиланган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни амалга оширишдан атайин қочишга уринган айрим “тадбиркор”ларга нисбатан муросасиз кураш олиб борилиши таъкидланди.






