АсосийJamiyat

Наманганлик пахтакорлар маррани забт этди

'Наманганлик пахтакорлар маррани забт этди'ning rasmi

Вилоят пахтакорлари томонидан жорий йилда 63 минг 406 гектар майдонда пахта етиштирилди. Ҳар гектар ердан 30 центнердан ҳосилдорликка эришилиб, эл-юрт хирмонига 192 минг 500 тонна юқори сифатли саноат хом ашёси топширилди.

Зафар маррасини эгаллашда қишлоқ хўжалигида изчил давом эттирилаётган ислоҳотлар, пахтачиликни янада ривожлантиришга илмий-инновацион ёндашув, жумладан, вилоятда соҳага замонавий кластер усулининг кенг жорий этилиши муҳим аҳамиятга эга бўлди. 

“Наманган момиқ сочиқлари”, “Тошбулоқтекс”, “Uztex Uckurgan”, “Наманган тўқимачи” кластерлари вилоятнинг тўққиз туманидаги мавжуд 1 минг 584 та фермер хўжалиги билан шартнома асосида иш олиб борди. Улар томонидан фермерларга меҳнатга ҳақ тўлаш, ёнилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғит ҳамда ўсимлик зараркунандаларига қарши биологик кураш воситаларини етказиб берилиши билан боғлиқ шартларнинг тўлиқ бажарилиши меҳнат самарадорлигини таъминлашда муҳим омил бўлди.

“Наманган момиқ сочиқлари” масъулияти чекланган жамияти томонидан 239 та фермер хўжалиги билан кластер усулида иш ташкил қилинган Мингбулоқ туманида вилоятда биринчи бўлиб ғалаба марраси эгалланди.

Айни пайтда вилоятнинг бешта тумани – Косонсой, Тўрақўрғон, Уйчи, Норин ва Учқўрғон туманларида ҳосилни йиғиштириб олиш ишлари давом этмоқда.

    Бошқа янгиликлар