АсосийЖАМИЯТ

«Юксалиш» ҳаракати «Бир миллион дарахт» экиш учун пул маблағларини тўплаётганини эълон қилди

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати «Бир миллион дарахт» акцияси доирасида дарахт кўчатларини ўт...

'«Юксалиш» ҳаракати «Бир миллион дарахт» экиш учун пул маблағларини тўплаётганини эълон қилди'ning rasmi

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати «Бир миллион дарахт» акцияси доирасида дарахт кўчатларини ўтқазиш учун пул маблағларини тўплаётганини эълон қилади, дея хабар беради «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати. 

Атроф муҳитни ҳимоя қилиш йўлида ўз ҳиссасини қўшиш истагида бўлган барча ташкилотлар, жамоалар, фуқаролар, хориждаги ватандошлар ва бошқалар махсус очилган ҳисоб рақамига пул ўтказишлари мумкин. Асосий тамоил - ихтиёрийлик. Тўпланган пул маблағлари муҳитдан келиб чиққан ҳолда керакли ўғит ва сув тежовчи технологиялар ҳамда кўчатлар (декоратив ва мевали) сотиб олишга йўналтирилади.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати пул маблағларининг йиғилиши ва сарфланиши бўйича шаффофликни таъминлашни ўз зиммасига олади. 

Ҳайрияда иштирок этмоқчи бўлганлар Payme тўлов тизими орқали «Ҳайрия» (Благотворительность) бўлими — «Бир миллион дарахт» логотипига пул ўтказиши мумкин. 

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ташаббуси билан ўтказилаётган «Бир миллион дарахт» акциясига жорий йилнинг 24 октябрь куни Нукус шаҳрида старт берилган эди. Шундан сўнг эстафетани Сирдарё вилояти қабул қилиб олди. 

Сирдарёда шу йилнинг 2-5 ноябрь кунлари кўчатларни ўтқазиш маросими жамоатчилик иштирокида бўлиб ўтди. 3-4 ноябрь кунлари эса - Наманган вилоятида. Навбатда Андижон, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри турибди. Кўчатлар ҳар бир ҳудуд иқлимининг ўзига хосликларидан келиб чиқиб танланди. 

Эслатиб ўтамиз, «Бир миллион дарахт» акциясининг мақсади дарахтзорларнинг камайиб бориши ҳамда иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашиш, одамларни ихтиёрий равишда оммавий бирлаштириш орқали қулай атроф-муҳитни яратиш, Ўзбекистонда дарахтларни сақлаш, тиклаш ҳамда кўпайтириш муаммоларига жамоатчиликнинг эътиборига қаратишдир. Акцияни йилига икки марта — кузда (октябрь — декабрь) ва баҳорда (февралдан апрелга қадар) ўтказиш режалаштирилган.

Тадбирларни фақатгина ихтиёрилик ва кўнгиллилик асосида ўтказиш, аҳолининг фуқаролик позициясини намоён этишларига шарт-шароит яратиш акциянинг асосий мезонлари сифатида белгилаб олинган.

 

Бошқа янгиликлар