МИБ Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан пойтахтимиздаги кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларнинг ҳомийлар ёрдамида қарздорликларини тўлаш тадбирлари амалга оширилмоқда.
Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Шаҳристон 2-тор кўчаси, 28-уйда яшовчи отасиз талаба Атаметовлар хонадонида табиий газдан 900 минг сўм миқдорида қарздорлик мавжудлиги аниқланди. Ушбу маҳаллада яшовчи исми-шарифини маълум қилмаган тадбиркор томонидан табиий газ учун 1 млн. сўм миқдоридаги тўлов амалга оширилди.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Гулёр 4-тор кўчаси, 17-уйда яшовчи Мажидовлар хонадонида табиий газ ҳисоблагич ускунаси носоз ҳолатга келганлиги сабабли, ушбу хонадонга маҳаллада яшовчи исми- шарифини маълум қилишни истамаган тадбиркор томонидан 300 минг сўмлик газ ҳисоблагич ускунаси ўрнатиб берилди.
Учтепа тумани, Тақачи МФЙ, Бешқайрағоч 65/1-хонадонда яшовчи кам таъминланган оила Мўминовалар хонадони табиий газдан 2 млн. сўм миқдорида қарздорлик мавжудлиги аниқланди, унга ҳам ҳомий томонидан табиий газдан мавжуд қарздорликнинг бир қисми, яъни 1 млн. сўм миқдоридаги тўлов амалга оширилди.
Чилонзор тумани, Катта Қозиработ маҳалласида яшовчи фуқаро М.Загрегин хонадони истеъмол қилган табий газдан 1.000.000 сўмлик ва Чилонзор тумани, Гулистон кўчасида яшовчи фуқаро З.Якубова хонадони маиший чиқиндидан 250.000 сўмлик қарздорлиги ҳам ҳомийлар ёрдамида бартараф этилди.
Юнусобод тумани, Шаҳристон МФЙ да яшовчи фуқаро Б.Абдуллахўжаева (кўзи ожиз, ногирон) хонадонида табиий газдан мавжуд бўлган 1 млн. 600 минг сўм миқдордаги қарздорлик ва электр энергиясидан мавжуд бўлган 800 минг сўм миқдордаги қарздорлик ушбу маҳаллада яшовчи “Нодир ака” исмли тадбиркор ҳомийлигида тўлаб берилди ва қарздорлик бартараф этилди. Шунингдек, ушбу хонадон табиий газдан меъёр асосда фойдаланиб келганлиги сабабли, “Тумангаз” ҳомийлигида хонадонга газҳисоблагич ускунаси ўрнатиб берилди.
Шунингдек, Юнусобод тумани, Шўроб кўчасида яшовчи коммунал тўловлардан қарзи бўлган ва тўлов имконияти бўлмаган фуқаро Тиллаева хонадонида табиий газдан мавжуд бўлган 3 млн. 600 минг сўм миқдоридаги қарздорлик ва электр энергиясидан мавжуд бўлган 1 млн. 67 минг сўм миқдоридаги қарздорлик ҳам ушбу маҳаллада яшовчи тадбиркор ҳомийлигида қоплаб берилди.
Хайрия тадбирлари давом эттирилмоқда.






