ХХР Соғлиқни сақлаш давлат қўмитасининг Халқаро ҳамкорлик маркази ва Пекин университети халқ касалхонасининг малакали мутахассисларидан иборат делегация аъзолари 5 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Баситханова ҳамда соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов билан учрашди.
Мулоқотда Ўзбекистонда кўз катарактаси ташхиси билан касалланган беморларни операция қилиш бўйича “Ёрқин йўл” хайрия акциясини ўтказиш, диагностика ва жарроҳлик амалиётларини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.
8 ноябрь куни Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасида бу борада Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Цзянь Янь хоним иштирокида мазкур масала юзасидан ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисининг Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Янь хоним билан бўлган учрашувларда Ўзбекистонда 500 киши (ёрдамга муҳтож оилалар, аёл ва эркаклар)нинг кўз катарактаси операцияларини ўтказишга келишилган эди.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Хитой Халқ Республикасининг Тошкентдаги элчихонаси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари бу борадаги ишлар доирасида Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси ҳамда Самарқанд вилояти кўз касалликлари шифохонасида бўлишади. Шунингдек, улар Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг офтальмология кафедраси илмий ходимлари билан ҳам учрашадилар.
Ҳудудий хотин-қизлар қўмиталари ва соғлиқни сақлаш бошқармаларига кам таъминланган оилалардан, шунингдек, “Мурувват” ва “Саховат” уйларидан операцияга муҳтожларни аниқлаш вазифаси топширилди.
Мазкур акция 18 ноябрдан 7 декабрга қадар хитойлик 9 нафар малакали мутахассислар ва ўзбекистонлик тажрибали шифокорлар ҳамкорлигидаги ўтказилади. Жарроҳлик амалиётлари учун энг замонавий медицина жиҳозлари олиб келиниши кутилмоқда.






