Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт ШАМСУТДИНОВнинг "Даракчи"га берган маълумотга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “Сурхон тонги” ва “Заря Сурхана” газеталари бирлашган таҳририятининг мансабдор шахслари мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, 2017-2018 йиллар ва жорий йилнинг ўтган даврида газеталар обунаси учун келиб тушган 2,3 млрд. сўм пул маблағларини савдо ва қурилиш фаолияти билан шуғулланувчи ҳамда автомашиналарга техник хизмат кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектларга молиявий ёрдам сифатида ўтказиб бериб, давлат ва жамият манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказганликлари аниқланган.
Шунингдек, таҳририят мансабдор шахслари “С.Э.М” МЧЖ мансабдор шахслари билан олдиндан бириктириб, 2018 йилда фермер хўжаликларининг хабардорлигисиз “Сурхон тонги” ва “Заря Сурхана” газеталарига обуна ташкил қилиш учун 150 млн. сўм пул маблағларини жамият ҳисоб рақамига ўтказилишига эришиб, амалда фермер хўжаликларига газеталарни етказиб бермаганликлари фош этилган.
Шу билан бирга, “С.Э.М.” МЧЖ мансабдор шахслари жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2017-2018 йиллар ва 2019 йилнинг 9 ойида жамият ҳисоб-рақамига хўжалик юритувчи субъектлардан даврий нашрларга обуна учун келиб тушган 5,4 млрд. сўм пул маблағларидан 1,9 млрд. сўмини бошқа мақсадларда ишлатиб юборганликлари маълум бўлган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан “Сурхон тонги” ва “Заря Сурхана” газеталари бирлашган таҳририяти давлат корхонаси ҳамда “С.Э.М” МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатларини ўтказилмоқда






