9 ноябрда Римда бўлиб ўтган йиғилишда 70 дан кўпроқ давлат ёмон совитиш оқибатида айнийдиган озиқ-овқат маҳсулотлари миқдорини камайтириш учун жиддий саъй-ҳаракатларни амалга оширишга келишиб олишди. Бу ҳақда Associated Press агентлигига таяниб fao.org/news хабар берди.
Бу борадаги ҳужжат Римда ўтган Монреал баённомаси йиғилишида имзоланди.
Тадқиқотлардан аён бўлдики дунёда ишлаб чиқариладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг учдан бир қисми айнийди ва бунинг натижасида атроф-муҳитга жиддий зиён етади. Шу муносабат билан озиқ-овқатларни совуқ ҳолда сақлаш ва ташишнинг мукаммалроқ усуллари ишлаб чиқилишига эҳтиёж бор. Бу экологияга салбий таъсир кўрсатаётган чиқиндилар миқдори камайишига имкон беришади, дейишмоқда мутахассислар.
Ривожланган давлатларда совитиш тизимининг яхши ишламаслиги тез айнийдиган маҳсулотларнинг 9 фоизининг, ривожланаётган давлатларда эса деярли 23 фоизининг айниб кетишига олиб келмоқда.
Мутахассисларнинг айтишича, совитиш тизимининг яхшиланиши иссиқхона газлари ҳамда совитиш ва шамоллатиш тизимларида қўлланувчи зарарли газлар миқдорини қисқартиришга ҳам ёрдам беради.
АҚШ, Хитой, Европа Иттифоқи аъзолари ҳамда Америка, Африка ва Осиёнинг кўплаб давлатлари ушбу мажбуриятни бажаришга рози бўлишган.






