2020 йилнинг 27-феврал куни Москвадаги Тишинка савдо-кўргазма марказида “Тюбетейка” шарқ бозори учинчи халқаро кўргазмаси очилади. Кўргазма москваликларни ва пойтахт меҳмонларини Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон, Татаристон, Бошқирдистон, Қирғизистон ва Россиянинг маданий, бадиий, тарихий мероси билан таништиришга қаратилган. Кўргазмада амалий санъат ва ҳунармандчилик, халқларнинг урф-одатлари, миллий таомлари ва анъаналарини сақлашга катта эътибор қаратилади.
Ушбу тадбир маданият фестивали сифатида учинчи маротаба ўтказилмоқда. Кўргазма информацион ва маданий хусусиятга ега бўлиб, жамоатчиликни ушбу мамлакатларда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга жалб қилиш ва ишлаб чиқарувчи билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш имкониятини таъминлашга қаратилган.
Кўргазмада ҳунармандлар, санъатшунослар ва Ўзбекистоннинг ижодий ва рақс жамоалари иштирок этади.






