Маълумки бугун барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб замирида инсон манфаатлари ётмоқда.
Кундан-кун ривожланиш сари одим қадам ташлаётган юртимиз божхона чегараларида хар куни минглаб фуқаролар харакатланмоқдалар. Уларнинг қайсидирлари ўзининг ота-онаси, қону-қариндошларининг олдига борсалар, қайсидирлари ўзининг бошқа юмушлари билан. Аммо улар қаторида божхона чегараларидаўзига тегишли бўлмаган турли ҳил халқ истеъмол товаридан тортиб кийим-кечак товарларини ташиш билан шуғулланиш мақсадидаги фуқароларнинг харакатланаётгани киши кўнглини хавотирга солмай илож йўқ. Сабаби мазкур фуқаролар нафақат ўзларига тегишли бўлмаган, балки бу қадоқланган қутилар ичида нелар борлигини билмасликлари жуда ачинарли.
Биз юқорида қайд этаётган фуқаролар ҳам биримизнинг танишимиз, ҳеч бўлмаганда Ватандошимиз эканлигини унутмаслигимиз лозим. Уларни тўғри йўлга бошлаш, керак бўлса бандлигини таъминлаш ва бу масаланинг ечимини излаш, топиш ҳар бир давлат хизматчисининг халқи олдидаги бурчларидан биридир.
Ана шу бурчга садоқат ила, фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларга вилоят шахар ва ўзлари яшаб келаётган туманлардаги муассаса ташкилотлардаги бўш иш ўринлари, ойлик маошлари ҳамда иш вақти хақида тўла маълумот бериш, пировардида божхона чегараларида сарсон бўлиб, ишсизликдан мана жойларга келиб юрган фуқароларни иш билан таъминлаш мақсадида Андижон вилоят хокимлиги, бандлик ва мехнат муносабатлари худудий бўлими билан ҳамкорликда Андижон вилояти божхона бошқармаси тасарруфидаги Дўстлик чегара божхона постида “Меҳнат ярмаркаси” ташкил этилди.Бу ҳақда Андижон вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати бошлиғи Фарҳод Каримов хабар берди.
Ҳар бир қилинган хайрли ишнинг натижаси яхшилик билан тугаганидай, Дўстлик чегара божхона постида ташкил этилган “Меҳнат ярмаркаси”га ҳам кўплаб фуқаролар қизиқиш билдирдилар. Шунингдек, қўлида хунари бўлган бир оила аъзолари яъни ота ва унинг икки нафар уста ўғиллари пойтахтимизда қад кўтараётган “Tashkent City”да ишлаш учун йўлланмани қўлларига олдилар. Булар қаторига ўзлари истиқомат қилаётган ҳудудларидаги бўш иш ўринлари билан таъминланган бир неча фуқароларни ҳам мисол келтиришимиз мумкин.
Одамлар чет мамлакатларда ишлаб юрган кўплаб фуқаролар ҳақида турлича фикрлар билдирадилар. Айтиш мумкинки, балки ўзга юртларда меҳнат муносабатларига эътибор биздан яҳшироқдир, бироқ шуни алохида таъкидлаш жоизки, оддий ишчи бўлсада инсон ўз Ватанида, Ватан ичра ўзининг мўжазгина хонадонида фарзандлари қучоғида, кўнгил хотиржамликда ҳалол меҳнат қилиб, яратганнинг етказиб турган ризқига шукроналик келтириб яшашига нима етсин.