Муҳокама учун эълон қилинган ҳужжатга кўра, қонуннинг 29-моддаси (Ҳарбий хизматдан бўшатиш) биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“Ҳарбий хизматчини ҳақиқий ҳарбий хизматдан бўшатиш қуйидаги асосларга кўра амалга оширилади:
1) ёш бўйича – у ҳарбий хизматда бўлишининг белгиланган ёш чегарасига етганида, шу жумладан белгиланган тартибда узайтирилган ҳарбий хизмат муддати тугаганда;
2) муддатли ҳарбий хизмат муддати тугаганда – чақирув бўйича муддатли ҳарбий хизматнинг қонунчиликда белгиланган муддати тугаганда (бўшатиш учун бошқа асослар бўлмаган тақдирда);
3) контракт муддати тугаганда – бўшатиш учун бошқа асослар бўлмаган тақдирда, агар амалдаги контрактнинг тугаши вақтида ҳарбий хизматчи ёки вазирлик, давлат қўмитаси ва идора томонидан янги контракт тузмаслик тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса;
4) ташкилий-штат тадбирлари муносабати билан, ҳарбий хизматчидан хизматда фойдаланиш имконияти бўлмай қолганда ва уни бўшатишга бошқа асослар бўлмаган тақдирда;
5) соғлиғининг ҳолатига кўра – уни ҳарбий-тиббий комиссия ҳарбий хизматга яроқсиз деб топганлиги муносабати билан;
6) томонлардан бирининг ташаббусига кўра контракт муддатидан олдин бекор қилинганлиги муносабати билан;
7) интизомсизлиги сабабли курсантлар олий ҳарбий таълим муассасасидан ўқишдан четлаштирилиши муносабати билан, бўшатишга бошқа асослар бўлмаган тақдирда;
8) ҳарбий хизматчи номига доғ туширувчи хатти-ҳаракат содир этганда;
9) давлат сирлари билан ишлаш рухсатномасидан маҳрум қилинганлиги муносабати билан;
10) озодликдан ёки ҳарбий унвондан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлган жазо чораларини назарда тутувчи суд ҳукми қонуний кучга кирганда;
11) қонунчиликка мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини йўқотганлиги муносабати билан ёхуд бошқа давлатнинг фуқаролиги мавжуд бўлганда.”.
Амалдаги таҳрир қуйидагича кўринишга эга:
“Ҳарбий хизматчини ҳақиқий ҳарбий хизматдан бўшатиш қуйидаги асосларга кўра амалга оширилади:
1) у ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий хизматда бўлишининг белгиланган ёш чегарасига етганида;
2) муддатли ҳарбий хизмат муддати тугаганда;
3) контракт муддати тугаганда;
4) штатлар қисқарганда ёки бошқа ташкилий-штат тадбир-чоралари муносабати билан ҳарбий хизматчидан хизматда фойдаланиш имконияти бўлмай қолганда;
5) саломатлигига кўра — уни ҳарбий-тиббий комиссия ҳарбий хизматга яроқсиз деб топганлиги муносабати билан;
6) қонун ҳужжатларига мувофиқ тарафлардан бирининг ташаббусига кўра контракт муддатидан олдин бекор қилинганлиги муносабати билан;
7) ҳарбий-таълим муассасасидан ўқишдан чиқарилганлиги муносабати билан;
8) хизмат вазифасига нолойиқ бўлиб қолганда;
9) Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан маҳрум бўлиши муносабати билан;
10) ҳарбий хизматчи ҳарбий унвонидан маҳрум этилиши муносабати билан;
11) суд ҳукми қонуний кучга кирганда, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.”.
Модданинг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“Ҳарбий хизматчилар ҳарбий хизматдан резервга, ҳарбий ҳисобдан чиқарилган тақдирда эса истеъфога бўшатилади.”.
Қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилади:
“Резервда бўлишнинг белгиланган ёш чегарасига етган ёки ҳарбий-тиббий комиссия томонидан соғлиғининг ҳолатига кўра ҳарбий ҳисобдан чиқарилган ҳолда ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилган, шунингдек Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотган ёхуд бошқа давлатнинг фуқаролигига эга бўлган ҳарбий хизматчилар истеъфога бўшатилади.”.