2019 йил 16 ноябрь куни Самарқанд вилояти ҳокимлигида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева иштирокида одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича вилоят ҳудудий комиссияси фаолиятига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати Ахборот хизмати хабар қилмоқда.
Унда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, Сенат аъзолари, вилоят ҳудудий комиссияси вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
Ҳисобот даврида турли сабабларга кўра чет мамлакатлардан депортация қилинган 273 нафар шахс билан якка тартибда профилактика ишлари олиб борилди, комиссия аъзолари билан биргаликда уларнинг барча муаммоларини ҳал этиш чоралари кўрилди. Уларнинг хорижий давлатларга чиқиш йўллари, депортация бўлиш сабаблари ўрганилди.
Шунингдек 34 нафар одам савдоси қурбонига ёрдам кўрсатилиб, улар республика реабилитация марказига юборилди.
Мажлисда одам савдоси бўйича жиноят-қидирув ишларини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

ННТ билан ҳамкорлик қилиш, профилактика инспекторлари учун ўқув курслари ўтказиш, уларни бундай ҳуқуқбузарликларни тезликда аниқлаш ва уларга ўз вақтида эътибор қаратишга ўқитиш таклиф этилди. Кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.






