Тошкент шаҳар ҳокимлигида, Тошкент шахар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев раислигида кўп қаватли уй-жой фонди ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича ишлар натижадорлиги ва бу борада олиб борилиши лозим бўлган ишларга бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Бахтиёр Рахманкулов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 июлдаги “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2019-2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича Тошкент шаҳрида амалга оширилган ишлар бўйича маълумот берди.
Шунингдек, мавжуд камчиликларга ҳам тўхталиб ўтди. Қайд этилишича, “1055 коммунал хизматларни бошқариш маркази”га 2019 йил давомида 5 378 та мурожаат келиб тушган. Шундан, 5 296 таси бартараф этилган. Лекин, бугунги кунда том қисмидан чакки ўтиш, лифт ишламаслиги, иссиклик таъминоти талаб даражасида эмаслиги ҳамда ертўлалардаги қувурлар носозлиги юзасидан ечимини кутаётган муаммолар ҳам бор. Ҳоким ўринбосари бундай ҳолатлар айрим ўринларда туманлардаги мутасаддиларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарликда йўл қўйган камчиликлари, баъзи ҳолларда эса ширкатларнинг талаб даражасида ишламаётганлиги сабаб юзага келаётганлигини айтиб ўтди.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳридаги 9964 та кўп квартирали уйларга 2072 та ХУЖМШлари ва 187 та Бошқарув компаниялари хизмат кўрсатиб келмоқда. Аҳолининг, кўп каватли уй-жойлардаги ички иситиш тизимидаги эътирозларини камайтириш мақсадида 57 та ҳаракатланувчи мобил авария-тиклов бригадалари ташкиллаштирилиб, кўп квартирали уйларнинг ички иситиш тизимларини созлаш ишлари йўлга қўйилди.
Натижада 1707 та уйларнинг иссиқлик узелларида камчиликлар аниқлиб, 1685 таси бартараф этилди. Энг кўп муаммолар Юнусобод туманида 275 та ва Сергели туманида 345 кўп қаватли уйларда аниқланди.
Бундан ташқари 8808 кўп қаватли уйларда 330 минг та иссиқлик тик қувурлари мавжуд бўлиб, бугунги кунда 6747 та кўп қаватли уйлар ўрганилди, шундан,365 та уйларнинг 823 та иссиқлик тик қувурларида камчиликлар аникланди, 762 тасидаги муаммолар бартараф этилди.
Мажлисда аниқланган камчиликлар туманлар кесимида алоҳида кўриб чиқилди ва уларни тезкорлик билан бартараф этиш буйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.






