Бугун “UzAuto Trailer” компанияси “КАМАЗ” ИЧАЖ билан ҳамкорликда янги КАМАЗ автомобилларининг шассисини йиғиш линиясини расман ишга туширди. Тантанали маросим Татаристон Республикаси Президенти Рустам Миннихановнинг Ўзбекистон Республикасига ишчи ташрифи доирасида ўтказилди.
Тадбир иштирокчиларини Самарқанд вилояти ҳокими Э. Турдимов, Татаристон Республикаси Президенти Р. Минниханов, “Ўзавтосаноат” АЖ Бошқаруви раисининг уринбосари Р. Юсупов, “КАМАЗ” ИЧАЖ бош директори С. Когогин, “UzAuto Trailer” МЧЖ Бош директори А. Ҳожибоев ва SSAB швед компаниянинг вице-президенти Жонни Сьорстем қутладилар.
Янги йиғув линияси умумий майдони 7,4 минг кв.м бўлган янги ишлаб чиқариш корпусида ташкил этилган. Линия замонавий технологик ва ёрдамчи жиҳозлар билан таъминланган, улар йилига 3 000 донадан ортиқ юк машиналарини ишлаб чиқариш имконини беради. Корпусда, шунингдек, газ-баллон жиҳози ишлаб чиқариш ва “КАМАЗ” шассисига ўрнатиш участкаси ҳам ташкил этилган.
Янги линияни ташкил этиш маҳаллийлаштирилган аккумуляторли батареялар, ёқилғи-мойлаш материаллари, газ баллонлари ва маҳаллий ишлаб чиқаришга мансуб бошқа бутловчи қисмлардан фойдаланган ҳолда, “КАМАЗ” шассисини ишлаб чиқаришнинг янада чуқурроқ технологик босқичига ўтиш имконини берди.






