Аниқланишича, 2019 йил 1 декабрь куни «Ҳудудгаз Андижон» МЧЖ «Андижоншаҳаргаз» филиалининг «Истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш бўлими» мутахассислари томонидан, ҳудудларда олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари давомида, айнан кеча портлаш содир бўлган Андижон шаҳрининг 2-кичик даҳаси, «Соғлом авлод» МФЙ ҳудудидаги 7-қўп қаватли уйдаги хонадон эгалари билан ҳам тушунтириш ишлари олиб борилган.
Хусусан, куз-қиш мавсумида табиий газдан маиший шароитда фойдаланишда техника хавфсизлик қоидаларига амал қилиш, газ сизиб чиқиш ҳолатларига олиб келувчи қўлбола иситиш печлари ва ноқонуний ҳисобланган газ сўргичлардан фойдаланмаслик, ўзбошимчалик билан табиий газ тармоқларига турли йўллар билан уланиб олмаслик ҳақида огоҳлантирилган. Бу ҳақида танишганлик ҳақидаги тегишли далолатномага ўз имзоларини қўйиб ҳам тасдиқлаган эканлар.
Жамият хабарида олиб борилаёган тарғибот ишларига ва огоҳлантиришларга қарамасдан, газ истеъмоли жараёнига беэътиборлик билан муносабатда бўлаётган фуқаролар сабабли, бахтсиз ходисалар келиб чиқилаётганлиги таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 декабрь куни Андижон шаҳрининг 2-кичик даҳасида жойлашган «Соғлом авлод» МФЙ Лермонтов кўчасидаги 7-уйда газ портлаши билан боғлиқ ёнғин юзага келгани ҳақида хабар берган эдик.






