Мамлакатимизда фуқаролик жамияти шаклланишининг иккинчи босқичи аломатлари кўрина бошлади.
Маълумки, биринчи босқичда давлат ва фуқаролик жамиятида бўлиниш юзага келади. Бу босқичда фуқаролар давлат чиқараётган қонун, фармон ва қарорларни танқид қилишга ўтади. Амалдорларни халқнинг душмани сифатида кўра бошлайди. Амалдорлар халқнинг ўзига бўлган муносабатидан чўчиб, давлатдан ҳимоя кутади. Давлат эса уларни ҳимоя қилмайди. Улар қаторида давлатнинг пинжига кириб кун кўрадиган оммавий ахборот воситалари ҳам обрўсизланиб боради. Чунки улар ўз сўзларига ўзи эгалик қила олмайдиган, олчоқ бир тоифага яъни қайсидир амалдорнинг "тили"га айланади.
Иккинчи босқичда бундай оммавий ахборот воситалари таназзулга учрайди. Жамиятда эса англаш босқичи бошланади. Бир мақсад йўлида бирлашган социал гуруҳлар пайдо бўлиб, ҳақиқий фуқаролик институтлари шакллана бошлайди. Ўша социал гуруҳлар ва институтлар ўз ғояларини ёйиш, сафдошлари сонини кўпайтириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий онгини ошириш мақсадида ўз нашрларини жорий этишни бошлайди. Бировнинг дарди бировга оғирлик қилади. Шу сабаб обуна сўзи унитилади. Жаҳон тажрибасида бу газеталар тижорий йўналишда ривожлана бошлайди:
1. Газеталар сиёсий жиҳатдан ўта савияли мақолалар, теша тегмаган хабарлар бозорини яратади. Хабарларни ишончли манбалардан ва мухбирлардан сотиб олади ва муштарийларга сотади.
2. Газета орқали реклама хизматини йўлга қўйиб, шу орқали нашр ишларини молиялаштиради. Газетани эса бепул тарқатади.(газетлар тўлиқ тарқатилишини реклама берувчилар назорат қилади)
3. Айрим нодавлат нотижорат ташкилотлари, бир мақсад йўлида бирлашган социал гуруҳлар, партиялар ўз газеталарини жорий этиб, уларни хайрия тарзида бепул тарқатади.
Ҳозирги кунда фуқаролик жамияти нисбатан ривожланган мамлакатларда ҳам аҳвол шундай. Шундай экан мажбурий обуна билан кун кўришдан онгли равишда воз кечиш керак. Ҳеч ким сизнинг бир неча юз минг сўмлик газетангизга ўз ихтиёри билан обуна бўлмайди. Хатто ўзингиз ҳам обуна бўлмайсиз. Демак, энди орқага йўл йўқ!
Аксинча, шу пайтгача кимнидир мажбурлаб обуна қилдирган бўлсангиз, ўшаларнинг пулини қайтариш чорасини кўрган маъқул. Чунки барибир ўша обуначилар қиёматда сиздан ўз ҳаққини талаб қилади ва олади ҳам.
Эътиборингиз учун:
Тошкентда илк бепул газеталар пайдо бўлибди. Медицина ва фармацевтикага оид экан. Демак битта социал гуруҳ ўз нашрини тарқатишни бошлади. Курьерлар газеталарни ҳар бир уйга бепул, беминнат ташлаб кетаяпти. Ким уйида йўқ бўлса, эшигига қистириб кетишаяпти. Бу курьерларнинг юзлари ойдай. Уларнинг юзини "Обуна бўласан! Бўлмай кўрчи?!" деб бақираётган газеталар ҳомийларининг совуқ башараси билан солиштириб бўлмайди. Уларнинг юзи ҳар обунадан "фоиз егич почтачи"ларнинг лоқайд юзларига ҳам ўхшамайди.
Мухтасар қилдим!






