АсосийJamiyat

Электр ҳисоблагичлар энди ягона ваколатли орган томонидан қиёсловдан ўтказилади

'Электр ҳисоблагичлар энди ягона ваколатли орган томонидан қиёсловдан ўтказилади'ning rasmi

«Тадбиркорлик субъектларини электр тармоқларига улаш тартиби соддалаштирилади ва бизнес муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Унга кўра, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ 2020 йил 1 январдан бошлаб истеъмолчиларга ўрнатилган электр ҳисоблагичларни метрология хизматлари қиёсловидан ўтказиш бўйича ягона ваколатли орган этиб белгиланади. Қиёслов бўйича барча харажатларни эса электр таъминоти ташкилотлари ўз маблағлари ҳисобига қоплайди.

«Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш дирекцияси» МЧЖ «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖининг филиалига айлантириш йўли билан қайта ташкил этилади.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва «Иссиқлик электр станциялари» АЖ фаолиятини ташкил этиш учун уларнинг таркибидаги ташкилотлар томонидан ажратилаётган ажратмалар Солиқ кодексига мувофиқ солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.

Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси истеъмолчилар томонидан фойдаланилаётган ҳисобга олиш асбобини қуйидаги ҳолларда қиёсловдан ўтказади:

даврий қиёслашдан – ҳисобга олиш асбобини қиёслашлараро интервал муддати тугаганда;

навбатдан ташқари қиёслашдан – ҳисобга олиш асбобининг қиёслашдан ўтказилганлигини тасдиқловчи пломбаси шикастланганда ёки қайта созлаш ишларини ўтказиш зарурати вужудга келганда;

эксперт қиёслашдан – ҳисобга олиш асбобининг созлиги ёки унинг қўллашга яроқлилиги, метрологик тавсифлари бўйича мунозарали саволлар туғилганда.

Ҳисобга олиш асбобининг қиёслашлараро интервал муддати ўн йилни ташкил қилади.

Ҳисобга олиш асбобининг қиёслашлараро интервал муддати тугашидан камида бир ой олдин электр таъминоти корхонаси томонидан истеъмолчига хабарнома ёзма ёки электрон (электрон почта, мессенжер, смс ва бошқалар) кўринишда тақдим этилади.

«Ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси томонидан қиёслашдан ўтказиш учун белгиланган режа асосида ҳисобга олиш асбобини ечиб олиш учун электр таъминоти корхонаси томонидан ваколатли ходим юборилади.

Ваколатли ходим соат 8:00 дан 17:00 гача истеъмолчининг ҳисобга олиш асбобини ечиб олиш ва ўрнатиш учун келиш ҳуқуқига эга. Бунда ваколатли ходим ўз хизмат гувоҳномасини истеъмолчига кўрсатиши лозим.

Ҳисобга олиш асбобини ечиб олишда ваколатли ходим истеъмолчи иштирокида ҳисобга олиш асбоби ва ўрнатилган пломбаларнинг бутлигини текшириб, ҳисобга олиш асбоби ечиб олинганлиги ҳақида уч нусхада далолатнома тузади. Бунда далолатноманинг бир нусхаси истеъмолчига берилади, иккинчи нусхаси электр таъминоти корхонасида ҳамда учинчи нусхаси метрология хизмати органига тақдим этилади.

Метрология хизмати органи томонидан ҳисобга олиш асбоби уч иш куни ичида қиёслашдан ўтказилади.

Ҳисобга олиш асбобини қиёслашдан ўтказиш натижаси ижобий бўлган тақдирда, ҳисобга олиш ускунаси фойдаланишга яроқли деб топилади ва метрология хизмати томонидан ҳисобга олиш ускунасининг қиёслашдан ўтказилганлиги ҳақида сертификат расмийлаштирилади.

Бошқа янгиликлар