Бизнес майдонидаги соғлом рақобатга путур етказиб, хуфиёна тадбиркорликни “гуллатиш”ни режалаштирганлар савдо тушумини имкони борича камайтириш пайида бўладилар. Бундай ноқонуний ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида Андижон вилояти давлат солиқ хизмати органлари томонидан хронометраж - кўздан кечириш тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси матбуот хизматининг хабар беришича, “Балиқчи деҳқон бозори” МЧЖга қарашли “Ҳайвон бозори”да ён-атрофдаги туманлар қолиб, қўшни вилоят чорва моллари ҳам сотилади. Бир сўз билан айтганда, энг гавжум бозор. Аммо, савдо тушумининг чўғи ҳеч ортмаётганди. Солиқчилар бу жойда хронометраж тадбири ўтказганида эса, бирданига патта тушуми 4 миллион сўмга кўпайиб, 16 миллион 180 минг сўмни ташкил қилди.
Худди шунингдек, “Марҳамат деҳқон бозори”нинг чорва молларига ихтисослаштирилган бозорида ўтказилган хронометраж ҳам асл тушумни аниқлаб берди. Бозорининг “мўъжазгина” эканлигини писанда қилиб, ҳар хафта 5 миллион сўмдан топшириб келаётган мансабдорлар ўша кунги тушум 12 миллион сўмдан ортганлигини эшитиб, ер чизиб қолдилар.
Солиқ ходимларининг бундай саъй-ҳаракатларидан кўзланган мақсад, реал савдо тушумини таъминлаш орқали бюджетга қўшимча маблағ жалб этишдир. Бу эса, аҳолининг маош ва нафақа пулларини ўз вақтида олишини таъминлашда муҳим ўрин тутади.






