Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги икки ёшга тўлди. Адлия вазири Русланбек Давлетов бу ҳақда ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали маълум қилди.
“Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади...
Тезкор, шаффоф, қулай хизматлар...
Бугун бу шиорлар давлат хизматлари марказлари фаолиятидан фойдаланаётган аҳоли учун таниш бўлса керак. Боиси бундан 2 йил аввал Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Адлия вазирлиги ҳузурида улкан мақсадлар билан юртдошларимизнинг оғирини енгил қилиш учун Давлат хизматлари агентлиги ҳамда республиканинг барча ҳудудларида давлат хизматлари марказлари ташкил этилди. Ушбу марказлар фуқароларнинг хоҳиш-истакларини инобатга олиб, мутлақо янги, сифатли хизматларни кўрсатишга интилиб келмоқда.
Дастлаб ушбу марказлар томонидан 37 турдаги давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, ҳозирга келиб уларнинг сони 120 тага етди. 2020 йилга қадар эса Марказлар орқали 160 дан ортиқ давлат хизматларини кўрсатиш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, олис ҳудудларда яшовчи қишлоқ аҳолиси учун мобиль давлат хизматларини ҳам кўрсатиш йўлга қўйилди.
Ташриф буюрувчилар учун қулай, кўркам бўлган Давлат хизматлари марказларининг 55 та инновацион биноси фойдаланишга топширилди, 120 дан ортиқ шундай бинолар қуриш ишлари жадал бошлаб юборилди, йил якунига қадар ушбу биноларнинг 70 га яқини топширилиши режалаштирилган. Кейинги йилда эса барча 200 дан ортиқ туман ва шаҳарларда энг замонавий бинолар халқимизга сифатли, шаффоф ва тезкор хизмат қилиш учун шай бўлади.
Бундан ташқари, хорижий давлатлар тажрибаси мунтазам равишда ўрганилиб, соҳани ривожлантириш учун татбиқ этилмоқда.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг саъй-ҳаракатлари ҳамда ушбу соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида “Бизнесни рўйхатдан ўтказиш” кўрсаткичи бўйича мамлакатимиз дунё бўйича 8-ўринни эгаллади.
Шу билан бирга, хизмат кўрсатишда бизнес жараёнларни мақбуллаштириш, очиқлик ва масъулиятни ошириш юзасидан ҳам ишларимизни жадаллаштиряпмиз.
Ўтган қисқа муддат ичида қилинган ишлар муҳим. Шу билан бирга олдимизда жуда катта вазифалар ва марралар турибди. Ҳали 10 та қадамдан биринчисини босдик десак,хато бўлмайди. Биз доимий равишда аҳолининг талаб ва истакларини инобатга олиб, уларга давлат хизматлари кўрсатилишида ва бу хизматлардан бутун жамият аҳли мамнун бўлишлари учун кенг имкониятларни тақдим этишда давом этамиз.
Аҳолига давлат хизматларини кўрсатилишида ўзининг ҳиссасини қўшиб келаётган жамоа аъзоларига эса келгуси ишларида улкан матонат ва муваффақият тилаймиз. Бу вазифаларни бажаришда уларга ҳалоллик, тезкорлик ва ўз касбига содиқлик ёр бўлсин!” — дея самимий тилаклар билан ўз фикрини тугаллаган вазир.