Тошкентда Оламзор тумани мактабгача таълим ташкилоти (МТТ) ҳудудида қурилган биринчи модулли бинонинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Очилиш маросимида Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин ва ХХРнинг Ўзбекистондаги муваққат ишлар вакили жаноб Чжан Веньчуань қатнашди.
“Ўзавтосаноат” ва Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқарилган модулли МТТлар намуналарининг тақдимоти 2019 йил октябрида ўтказилганди ва икки ой ўтгач, лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Биринчи блок Олмазор туамнидаги 441- сон МТТга ўрнатилди. У кенг маконга эга, болалар жиҳозлари, ривожлантирувчи ўйинлар, ўйинчоқлар ва ўқув материаллари билан таъминланган тўртта денгиз контейнеридан иборат.
Модулли мактабгача ташкилотлар лойиҳасини ишлаб чиқишда Россия, Швеция ва Корея илғор тажрибалари ўрганилди. Модуллар экологик тоза, саломатлик учун зарарсиз материаллардан тайёрланган ва қўшимча иссиқлик ҳимояси билан таъминланган, у ҳар қандай иқлим шароитида иссиқликни ва салқинликни сақлай олади. Шунингдек, мутахассислар хавфсизлик, тезкор эвакуация ҳамда болалар учун қулай маконни яратиш масалаларини пухта ишлаб чиқдилар. Бинолар электр, сув, ҳаво алмаштириш мосламаси, иситиш ва ёнғинга қарши тизимлар билан таъминланган. Тўлиқ кунлик гуруҳлар учун енгил, йиғма кроватлар кўзда тутилган.
“Жойларнинг етишмаслиги модулли мактабгача таълим ташкилотларини жорий этишни тақозо қилди. Янги МТТлар узоқ қурилишини, улардаги жойлар сони эса, қурилишга ажратилган бюджет билан чегараланганлигини ҳаммамиз тушунамиз. Модулли бинолар икки ойда тайёрланади ва ўрнатилади, уларнинг нархи 70 фоизга арзон. Бу эса, мавжуд бюджет билан МТВ мактабгача таълим билан 70 фоизга кўпроқ болаларни қамраб олиши мумкинлигини англатади. Бугун мана шундай турдаги илк гуруҳ очилаётган “Қичқириқ” маҳалласида МТТга жойлаштириш учун навбатда 914 нафар бола турибди. Модулли иншоот туфайли, 120 нафар бола мактабгача таълимга жалб қилинади”,- деди мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.
Модулли бинода тўлиқ кунли иккита гуруҳ ва икки сменада ишловчи қисқартирилган кунли битта гуруҳ фаолият юритади. Ҳар бир гуруҳга тарбиячи ва тарбиячи ёрдамчиси бириктирилган.
Модулли МТТ қатор бошқа афзалликларга ҳам эга:
улар қўшимча контейнер қўшиш ҳисобига кенгая олади;
ихчамлиги сабабли ҳар қандай инфратузилмага мослашиб кета олади;
зарур ҳолларда демонтаж қилиниши ва бошқа жойга ўтказилиши мумкин;
қурилишда замонавий материаллар қўлланилгани сабабли, қиммат капитал таъмирлашни тақозо қилмайди.
Ҳозирда модулларни Сурхондарё вилоятида (Сангардак посёлкаси), Тошкент вилоятида (Бўстонлиқ тумани) ва пойтахтнинг айрим туманларида (Олмазор, Шайхонтоҳур, Мирзо Улуғбек туманлари) тайёрлаш ва ўрнатиш ишлари кетмоқда.











