Куни кеча ижтимоий тармоқларда 6 ёшлигида терговчи, 15 ёшлигида бош терговчи бўлган, 2012 йилдан бери юрист бўлиб ишлаб келаётган, 2016 йилда эса педиатрия институтини битирган фуқаронинг номзоди кўрсатилгани акс этган плакатларнинг суратлари тарқалди.
Бу бўйича Ўзбекистон "Адолат" СДП Тошкент шаҳар кенгаши расмий баёнот берди.
"Адолат" СДП йиллар давомида халқимиз ишончини қозонган, юксак билим ва малакага эга номзодларни барча даражадаги депутатлик ўринлари учун илгари сурмоқда. Аммо баъзи бир техник сабабларга кўра сайловчиларни чалғитувчи хатолар ҳам ўтиб кетмоқда.
Жумладан, Тошкент шаҳар кенгаши томонидан кўрсатилган Расулов Ёрқин Эркинович ва Алиев Заурхан Саграбович каби номзодларнинг тарғибот плакатларида юқоридаги каби техник камчиликлар кузатилди.
Бугунги кун ҳолати бўйича техник хатоларга эга бўлган плакатлар олиб ташланди ва эртанинг ўзидаёқ янги таҳрирдаги плакатлар жойлаштирилиши кўзда тутилган.
Бундай ҳолатлардаги техник хатоликларга ўз вақтида эътибор қаратган блогер ва сайловчиларга миннатдорчилик билдирган ҳолда мазкур ҳолатлардаги хато ва камчиликлар тўлақонли бартараф этилишини маълум киламиз. Ўйлаймизки, бундай техник хатоликлар сайловчиларимизнинг "Адолат" СДПга бўлган ишончига таъсир қилмайди, деб ёзади Партия Тошкент шаҳар кенгаши матбуот хизмати.
Дарвоқе ҳозирда Ўзбекистон Экологик партиясидан Халқ депутатлари Юнусобод тумани кенгаш депутатлигига номзоднинг плакатида унинг туғилишидан 6 йил олдин олий маълумот олгани тўғрисидаги маълумот акс этган ҳолат ҳам мавжуд.







