2019 йилнинг ўтган 9 ойи давомида E-SUD миллий электрон судлов ахборот тизими орқали жами 84 966 та суд буйруғини чиқариш тўғрисида ҳамда 166 880 та даъво аризалари электрон равишда судларга келиб тушди.

Бугунга келиб тизимининг ташқи фойдаланувчилар сони деярли 22 минг нафарни ташкил этади. Шу жумладан 3082 та – юридик шахслар, 17726 та – жисмоний шахслар, 711 та – адвокатлар.
Тизимдан фойдаланишни янада жадаллаштириш мақсадида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида судьялар, суд ходимлари ва адвокатлар учун махсус тренинглар ўтказилди. Мана шундай ўқув машғулотларнинг якунийси Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди.

Президентимиз раҳнамолигида ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг 5та устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасига оид туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Асосий мақсад – фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришдан иборат.

Одил судлов самарадорлигини ошириш мақсадида суд тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилаётгани соҳада очиқликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилиб, судлар амалиётига жорий этилган E-SUD миллий электрон судлов ахборот тизими фуқаролик ишларини судларда кўриб чиқиш муддатларини қисқартириш, суд хабарномалари ва ҳужжатларини тарафларга етказиш механизмларини такомиллаштириш, бу борада сансалорлик, бюрократизмга йўл қўймаслик каби мақсадларга хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда ушбу тизимга республикамиздаги барча фуқаролик ишлари бўйича вилоят, туманлаларо, туман (шаҳар) судлари уланган бўлиб, ушбу судларда жисмоний ва юридик шахсларнинг суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризаларини ва даъво аризаларини тўлиқ электрон равишда қабул қилиш ва кўриб чиқиш йўлга қўйилган.

Эътиборлиси, жорий йил 29 апрелдан 2 майига қадар Голландиянинг Гаага шаҳрида бўлиб ўтган VI бутундунё одил судлов форуми доирасидаги “Бутундунё одил судлов даъвати – 2019: одил судловга эришиш” танловининг 30 та финал босқичи иштирокчилари сафида E-SUD тизими ҳам киритилди.

Бугун, 17 декабрда интерфаол шаклда ўтказилган тренингда бугунги кунгача эришилган натижалар муҳокама қилиниши билан бирга, тизим доирасида янги модул ва хизмат турларини жорий этиш, уни бошқа ахборот тизимлари ва манбалари билан интеграция қилиш масалалари ҳам таҳлилий кўриб чиқилди.

Тадбир якунида иштирокчилар томонидан E-SUD миллий электрон судлов ахборот тизимини янада такомиллаштириш бўйича таклиф ва ташаббуслар юзасидан фикр алмашинилиб, бу борада амалга оширилиши керак бўлган чора-тадбирлар белгиланди ҳамда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш келишиб олинди.






