1

Юнусободдаги авария жойидан 3 кишининг жасади чиқди

ЖАМИЯТ 18.12.2019, 19:10
Юнусободдаги авария жойидан 3 кишининг жасади чиқди

Тошкент метросининг Юнусобод йўналиши қурилиши вақтида рўй берган ер ўпирилиши ҳодисаси оқибатида камида уч киши ҳалок бўлгани тасдиқланди. Бу ҳақда Kun.uz’ ички ишлар вазирлиги тизимидаги манбага таяниб хабар берди.

Маълум қилинишича, аввалроқ тупроқ остидан икки кишининг жасади чиқариб олинганди, қидирув-қутқарув ишлари давомида яна бир кишининг жасади топилган.

Айни вақтда президент Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра, Юнусободдаги авария оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилган. Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов раислигидаги комиссияга содир бўлган ҳодиса сабабларини ва оқибатларини жойида ўрганиш, ҳодиса оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, жабрланганлар ва уларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш ҳамда бошқа бир қатор вазифалар юкланган.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 18 декабрь куни соат 10:00 атрофида Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналиши қурилишининг очиқ участкасида тупроқ ўпирилиши рўй берди.  Жабрланганлар бўйича ССВ расмий хабар берганди. Ҳозирча, тупроқ остида жами неча киши қолиб кетгани ҳақида маълумот йўқ. Бироқ айрим манбалар 20 нафардан ортиқ ишчининг қолиб кетганини айтмоқда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги яқин вақтлар ичида ҳодиса оқибатлари ҳақида расмий маълумот бериши кутилмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1