1

Тошкент пропискаси масаласида ҳамон аниқ жавоб йўқ...

ЖАМИЯТ 19.12.2019, 10:54
Теглар: вазир, мулоқот, дебат
Тошкент пропискаси масаласида ҳамон аниқ жавоб йўқ...

18 декабрь куни “Зарафшон” концерт (“НАЭСМИ Медиа Ҳалл”) саройида "Қонун устуворлиги  ва инсон манфаатларини таъминлаш – мамлакат ривожи ва халқ фаровонлиги кафолати" мавзусида тадбир бўлди.

Унда Адлия вазири Руслан Давлетов, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов, Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ва Олий суд раиси Козим Комиловлар спикер сифатида иштирок этиб, тадбирга келган кўплаб журналистлар саволига жавоб беришди.  

Ушбу очиқ мулоқотда “Даракчи” мухбири ҳам бир нечта саволлар берди:

— Вилоятликларни қийнаб келаётган “Тошкент пропискаси” муаммоси қачон олиб ташланади? Шунингдек, Пойтахтда фаолият юритиб келаётган ўқитувчи ва журналистларга “Тошкент пропискаси” берилишини ижобий ҳал қилса бўлмайдими? Ахир, халққа таълим-тарбия берадиган ва улар учун зарур тарғибот-ташвиқотларни амалга ошириб келаётган энг муҳим икки соҳа вакиллари-ку.

— Бу масала жуда долзарб бўлиб турибди. Айни дамда Тошкент пропискаси берилиши мумкин бўлган вазирлик ва ташкилотлар рўйҳати Вазирлар Маҳкамаси тасдиғи асосида тузилган ва шу асос билан ушбуларга прописка берилмоқда. Албатта, "Тошкент пропискаси" бизнинг кун тартибимизда. Буни вақти-вақти билан кўриб чиқиб, уни бекор қилиш масаласи ҳам ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, журналист ва ўқитувчиларга прописка бериш ҳақидаги мурожаатингизни ҳам кўриб чиқиб, буни Вазирлар Маҳкамасига етказамиз, - деди Ички ишлар вазири ўринбосари Дониёр Тошхўжаев. Шунингдек, бу саволга Адлия вазири Руслан Давлетов ҳам ўзининг муносабатини билдирди:  

— Тошкент пропискасини беришда касблар (ўқитувчи ва журналист касби) бўйича ёндашув қиладиган бўлсак, эртага биз адашамиз ва бу ёндашув нотўғри бўлади. Чунки ҳамма касбнинг ўз ўрни бор. Авваллари ишга олиш бўйича вақтинчалик ёки доимий пропискаси бор йўқлиги сўраларди ва бу бўйича жарималар ҳам катта эди, агар ушбу талаб қондирилмаса, ишга олинмасди. Ҳозир эса бу чеклов олиб ташланди. Кейин, вақтинчалик рўйхатга қўйиш ҳам қанчалик қийин эди, бу ҳам анча осонлашди, соддалаштирилди.

— Пойтахтдан уй сотиб оламан деган вилоятликлар учун Тошкент пропискаси бор фуқаролардан фарқли равишда бир неча баробар кўп давлат божи тўлаш талаби қонунчиликда бор. Бундаги сабаб ва муаммо нимада, шунингдек, Конституциямизда "барча фуқаролар тенг ҳуқуқли" деб ёзилган моддасига бу тартиб зид эканига қандай қарайсиз?

— Бу бождан бизга катта пул тушмайди. 2018 йилда бир қанча бож тўловларини қайта кўриб, уларни камайтирганмиз. Саволингиз бўйича айтилган божни ҳам камайтирамиз, бунда ҳеч қандай муаммо йўқ, - дея жавоб берди Руслан Давлетов.

— Судьяларнинг  бир томонлама иш кўриши оқибатида келиб чиқаётган муаммо ва бу орқали инсон ҳуқуқлари поймол этилаётгани нимадан далолат, бу каби ҳолатлар яна қанча давом этиши мумкин? Мисол учун,  ноҳақ ишдан бўшатилган Матлуба Мамадалиеванинг далил, асос, гувоҳлари бўла туриб, бу бўйича уч маротаба бўлган судда ютқазгани, мазкур судлар адолатсиз ўтказилаётганини кўплаб ташкилотларга мурожаат қилиб чиққачгина бешинчи судда унинг масаласи ижобий ҳал этилгани ва икки йилдан кейин ишга тиклангани, Фуқаролик ишлар бўйича Ўртачирчиқ туманлараро  судидан худди шунга ўхшаш ҳолатда судьянинг бир томонлама иш кўришидан норози бўлиб бир неча йил сарсон бўлган Орзигул Маҳмудованинг бошидан ўтказганлари шулар жумласидан.

Мазкур саволга ушбу тадбир вақтида Олий суд раиси Козим Комиловдан жавоб бўлмади.

Дарвоқе, юқоридаги мавзу бўйича ўтказилган тадбир тўғридан-тўғри “Менинг юртим” ва  “Севимли” хусусий телеканалида намойиш этилди

Ушбу тўғридан-тўғри эфирни кузатган Самарқанд вилояти, Нарпай туманидан “Даракчи” газетасининг муштарийси анча вақтдан бери суд-ҳуқуқ масаласида асос ва далиллари бўла туриб, ҳеч қандай ижобий ечим топа олмаётганини телефон орқали мурожаат қилиб айтди. Жумладан, у ушбу масала бўйича журналистик суруштируви қилишимизни, боиси кундан-кун адолат қарор топишида ОАВнинг хизматлари жуда катта роль ўйнаётганини кўриб, мазкур муаммосига юқоридаги масъулларнинг ҳам эътибор қаратишидан умидворлигини билдирди.

Абдуқодир Мўминов, "Даракчи" мухбири

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1