1

Давлат бошқаруви академиясида ички ва ташқи сиёсатнинг устувор йўналишларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди

ЖАМИЯТ 21.12.2019, 15:53
Теглар: институт, тадқиқот, академия
Давлат бошқаруви академиясида ички ва ташқи сиёсатнинг устувор йўналишларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди

20 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Ўзбекистон Республикасининг бугунги кун ички ва ташқи сиёсатидаги устувор йўналишлар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш учун АҚШ, Европа, Осиё минтақаси ва МДҲга аъзо 20 дан зиёд давлатдан келган 100 нафардан ортиқ таҳлилий тузилмалар, ижтимоий-сиёсий доиралар вакиллари иштирок этди.  

Хорижий экспертлар Ўзбекистондаги янгиланиш жараёнларига юқори баҳо бериб, Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш билан боғлиқ саъй-ҳаракатлар ўзига хос хусусиятга эга эканлигини, хусусан, унинг жамият ва давлат ҳаётидаги барча соҳаларни қамраб олганлигини алоҳида эътироф этишди.  

Тожикистон сиёсатшунослар миллий ассоциацияси директори А.Мамадазимов сайлов қонунчилигининг такомиллаштирилиши натижасида фуқароларнинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиши мустаҳкамланганлигига алоҳида тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, дунёнинг айрим давлатларида сайловчиларнинг ҳуқуқлари чекланаётган бир пайтда, Ўзбекистонда сайлов жараёнларини аввало инсон манфаатларига хизмат қилишга қаратилаётганлиги олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасидир. Эндиликда Ўзбекистонда жазони ўташ муассасаларидаги унча оғир бўлмаган жиноят содир қилган маҳкумларга ҳам сайлаш ҳуқуқидан фойдаланиш учун имкон яратилди.

Экспертнинг сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширалаётган ислоҳотлар ва демократлаштириш жараёнларининг “ижобий тўлқини” барча Марказий Осиё давлатларига тарқалмоқда. А.Мамадазимов, Ўзбекистондаги янгиланиш ва ўзгаришлар Марказий Осиё ижтимоий-сиёсий вакиллари томонидан олқишланаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Унинг фикрича, Ўзбекистон Президентининг ташаббуслари бугунги кунда Япония императорлар саройида ҳам эътироф этилмоқда, бунга ёрқин мисол – Ўзбекистон раҳбарининг Японияда юқори даражада ташкил этилган ташрифи.

Россиянинг Евросиё тадқиқотлар маркази директори А.Русаков Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли сиёсий ислоҳотларни эътироф этиб, улар энг аввало парламентнинг ҳокимият тизимидаги ўрнини мустаҳкамлаши ва партияларнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтди.  

Эксперт фикрича, сиёсий институтларнинг мавқеини ошириш бугун МДҲ ҳудудидаги барча давлатлар учун долзарблигига қарамасдан, қабул қилинаётган қарорлар ва саъй-ҳаракатлар сезиларли натижалар кўрсатмаяпти. Шу туфайли россиялик сиёсатшуноснинг фикрига кўра, бугун Ўзбекистон сиёсий ислоҳотларни амалга оширишда ўзининг ижобий тажрибасига асос солишга барча имкониятларга эга.

Белгия парламенти собиқ сенатори А.Дестекше ўтказилаётган сайлов жараёнларига юқори баҳо бериб, тубдан янгиланаётган Ўзбекистоннинг қўйидаги муҳим жиҳатларига алоҳида эътибор қаратди: 1) иқтисодиётнинг либераллаштирилаётганлиги ва бизнес доиралар учун Ўзбекистоннинг жозибадорлигининг ошаётганлиги; 2) минтақада ўзаро ҳурмат ва тушунишга асосланган янги сиёсий муҳитнинг шаклланишида асосий етакчи “марказга” айланаётганлиги; 3) дунёнинг етакчи давлатлари билан муносабатда самарадор ташқи сиёсатни олиб бораётганлиги; 4) сўз эркинлиги ва қонун устуворлигида намоён бўлаётган тамоман янги сиёсий муҳит шаклланганлиги.

МДҲ Ижро қўмитаси ахборот-таҳлил департаменти директори А.Заварзин фикрича, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижобий натижалари Президент Ш.Мирзиёевнинг давлатнинг сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиши масалалари бўйича чуқур билим ва юксак малакага эга эканлигидан далолат беради. Ўзбекистон халқи ва ҳукумати қисқа вақт мобайнида бугун дунё ҳамжамияти томонидан тан олинаётган ҳақиқий демократик йўлни босиб ўтишди.

Покистон глобал стратегик тадқиқотлар маркази директори Х.Таймур, Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини алоҳида эътироф этиб, сўнгги уч йилда олиб борилган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтди. Экспертнинг сўзларига кўра, нафақат бир давлат миқёсида ривожланишни балки бутун минтақа ривожланишини назарда тутувчи ушбу ислоҳотлар бугун дунёда Ўзбекистоннинг янги иқтисодий модели сифатида эътибор қозонмоқда. Покистон вакили Ўзбекистон Президентининг қисқа вақт давомида Марказий Осиёда узоқ муддатга асосланган ривожланиш тизимини шакллантира олганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Х.Таймур расмий Исломобод Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги барча ташаббусларини, жумладан Афғонистон йўналишидаги таклифларини қўллаб-қувватлашини айтди. Эксперт Афғонистон бўйича Тошкентда ўтказилган халқаро конференция Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг катта ютуғи эканлиги ва унинг Афғонистон муаммоларини ҳал этишга қаратилган сиёсий музокараларнинг бошланишида ўта муҳим туртки бўлганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Х.Таймур Ўзбекистоннинг минтақалар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳаларни амалага ошириш бўйича таклифларини муҳим деб ҳисоблайди. Шу муносабат билан у Ўзбекистоннинг “Мозори-Шариф – Ҳирот” темир йўлини қуриш бўйича ташаббусига Покистон катта қизиқиш билдираётганини айтди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1