Прокуратура органларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, оммавий сайёр қабуллар ҳамда видеоконференцалоқа орқали қабуллар ўтказиб, фуқаролар билан очиқ мулоқатни кенгайтириш, уларнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ўтказилаётган қабулларда фуқароларнинг бир неча йиллардан буён ўзининг ечимини топмаётган муаммо ва таклифларини жойида ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунга кўра, 2019 йил 26 декабрда Бош прокурор Н.Йўлдошев томонидан Қашқадарё вилоятида сайёр қабул ўтказди...

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт ШАМСУТДИНОВ "darakchi.uz"га хабар қилди.

Сайёр қабулда жами 39 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари қабул қилиниб, уларнинг мурожаатлари олинди.

Мурожаатларнинг
- 9 таси суд масалалари,
- 4 таси прокуратура,
- 5 таси ички ишлар органлари фаолиятларига,
- 21 таси бошқа масалаларга оид.

Шунингдек, Бош прокурор Қарши шаҳридаги “Ногиронлиги бўлган болалар учун Муруват интернат уйи”га ташриф буюриб, янги йил байрами муносабати билан 30 дан ортиқ мурувват уйи тарбияланувчиларига турли хил қимматбаҳо совғалар топширди.

Шу каби, Бош прокурор Қарши туманидаги ижтимоий-иқтисодий соҳада амалга оширилаётган ишлар аҳволи, аҳолининг турмуш тарзи билан танишиб, тумандаги “Мирмирон” м.ф.й. аҳолиси билан учрашди, ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи кам таъминланган оила хонадонига ташриф буюриб, уларнинг турмуш тарзи ва оилавий аҳволидан хабар олди.

Мазкур хонадондаги 3 сотих фойдаланилмаётган ер майдонида қўшимча даромад олиш учун иссиқхона ташкиллаштириш юзасидан туман прокурори ва ҳокимига кўрсатма берилиб, шу куннинг ўзида иссиқхонанинг қурилиш ишлари бошланди.

Бош прокурорнинг ташрифи доирасида ушбу маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 1,2 км. масофадаги тупроқ йўлга шағал ётқизилиши, кўча бўйлаб симёғочлари ўрнатилди.

Фуқаролар томонидан қабулда топширилган мурожаатлар назоратга олиниб, қонуний ҳал этилиши таъминланади.

Садоқат Аллаберганова






