АсосийJamiyat

Бухоронинг Қоровулбозор туманида биринчи масжид очилди

'Бухоронинг Қоровулбозор туманида биринчи масжид очилди'ning rasmi

Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида “Абдуллоҳ ибн Муборак” жоме масжиди рўйхатдан ўтказилиб, фаолият юрита бошлади. 

Қоровулбозор туманида шу вақтгача масжид йўқ эди. Бугунги кунда туманда 19 000 аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг кўп қисми жамоат намозларини адо этиш учун тумандан 50 км масофада жойлашган Когон туманидаги масжидларга қатнар эди.

Аҳолининг бир неча бор қилган мурожаатлари инобатга олиниб, маҳаллий ҳокимлик томонидан масжид қурилиши учун “Тинчлик” маҳалласи ҳудудидан ер ажратилди. 

Халқ ҳашари йўли билан бу жойда замон талабларига жавоб берадиган ва намозхонлар учун қулай шароитларга эга 450-500 кишилик сиғимга эга бўлган масжид қурилди. Тегишли ҳужжатлар тайёрланиб, вилоят адлия бошқармасидан давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақида гувоҳнома олинди.  Масжидга ислом оламидаги улуғ тобеинлардан бири  “Абдуллоҳ ибн Муборак” номи берилди.

Шу билан Ўзбекистондаги масжидлар сони 2066 тага етди. Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг ўзида 10 та янги масжид очилиб, фаолият юрита бошлади. 

 

    Бошқа янгиликлар